Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Марказ – 2019”: “Ғурумсарой” полигонида халқаро ҳарбий ўқув машғулотларига старт берилди
20:30 / 2019-09-17

Кеча, 16 сентябрь куни Бешариқ туманида “Марказ – 2019” халқаро ўқув-машғулотида қатнашиш учун юртимизга ташриф буюрган тожикистонлик ҳарбийларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.


Кеча, 16 сентябрь куни Бешариқ туманида “Марказ – 2019” халқаро ўқув-машғулотида қатнашиш учун юртимизга ташриф буюрган тожикистонлик ҳарбийларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга маълум қилди.

Шарқий ҳарбий округ масъул офицерлари, Бешариқ тумани ҳокимлиги вакиллари ҳамда маҳаллий санъаткорлар Тожикистон ҳарбий хизматчиларини ўзбекона миллий анъанага кўра, нон ва туз билан ўзига хос байрамона кайфиятда кутиб олишди. Ўзларини икки халқнинг буюк алломалари – Навоий ҳамда Жомий авлодлари деб билган фарғоналик мактаб ўқувчилари тожикистонлик ҳарбий хизматчиларга ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ўқиб берди.

Шундан кейин тожикистонлик ҳарбий хизматчилар Наманган вилоятида жойлашган “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонига етиб келишди ва машғулотларга тайёргарликни бошлаб юборишди.

Куннинг иккинчи ярмида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар иштирокида брифинг ташкиллаштирилиб, Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари “Марказ – 2019” ўқув-машғулотларининг тартиби ҳамда ундан кўзланган мақсадни меҳмонларга етказди.

Бугун, 17 сентябрь куни “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокидаги стратегик қўмондонлик штаб машғулотлари доирасидан ўрин олган “Марказ – 2019” ўқувига старт берилди.

Мадҳиялар садолари остида икки давлат байроқлари баланд кўтарилиб, майдонда ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбий хизматчилар саф тортди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ушбу ўқув машғулотлари давлатларимиз ўртасидаги ҳарбий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда жанговар тайёргарликни оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, ўқув-машғулотларида иштирок этаётган ўзбек ва тожик ҳарбийларига муваффақият тилади.

Тожикистон Республикаси Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ихтиёр Охунзода Неъматулло ҳам “Ғурумсарой” полигонида ташкиллаштирилаётган “Марказ – 2019” ўқув-машғулотлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг ҳамкорликда ташланган навбатдаги қадами бўлишини айтиб, тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Шунингдек, ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар номидан сўзга чиққан ўқув-машғулот қатнашчилари ўзларига билдирилган ишончни аъло даражада бажаришга сўз беришди.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўқув-машғулотларини расман очиқ деб эълон қилди ва икки давлат ҳарбийлари оркестр садолари остида шахдам қадамлар билан тантанали сафдан ўтишди.

Куннинг иккинчи ярмида Тожикистондан ташриф буюрган меҳмонлар учун Қўқон шаҳри тарихий обидалари бўйлаб экскурсия уюштирилди. Унда қўшни давлат ҳарбийлари узоқ асрлик ўтмишимиздан сўзловчи тарихий мажмуалар ва музейлар билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, “Марказ – 2019” ўқув машғулоти доирасида Россияда бўлиб ўтадиган амалий ҳаракатлар билан бир вақтда Наманган вилоятида жойлашган “Ғурумсарой” полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари томонидан шартли равишда жанубий сарҳадларга суқилиб кирган террорчи гуруҳларга қарши ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари ҳам ўтказилади.

photo_2019-09-17_19-14-31.jpg

photo_2019-09-17_19-14-32 (2).jpg

photo_2019-09-17_19-14-34.jpg

photo_2019-09-17_19-14-38.jpg

photo_2019-09-17_19-14-40 (2).jpg