Эндиликда теннисчи Мария Тимофеева халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида иштирок этади.
21 ёшли спортчи ҳозирда WTA жаҳон рейтингида 146-ўринни эгаллаб турибди. Унинг энг яхши натижаси — 2023 йил август ойида қайд этилган - 93-ўрин. Жорий йилнинг ўтган ҳафтасида Мария Португалияда бўлиб ўтган “ITF W75 Quinta do Lago” мусобақасида ғалаба қозониб, навбатдаги ютуғини қўлга киритди.
— Биз Мария Тимофеевани Ўзбекистон терма жамоаси таркибида кутиб олишдан мамнунмиз. У кучли, мақсадли ва фидойи спортчи сифатида мамлакатимизнинг халқаро теннис майдонидаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳисса қўша олади. Унинг қарор қабул қилиши Халқаро теннис федерацияси (ITF) ва Аёллар теннис ассоциацияси (WTA) қоидаларига тўлиқ мос ҳолда амалга оширилди, — деди Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Сардор Камилов.

У шунингдек, мазкур қарор Ўзбекистон теннис федерацияси учун стратегик аҳамиятга эга эканини қайд этди. Бу мамлакатда профессионал теннисни ривожлантириш ва аёллар терма жамоасининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Энди Мария WTA турнирлари ҳамда Billie Jean King Cup мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
— Биз ишонамизки, унинг тажрибаси ва ўйин даражаси ёш теннисчиларга илҳом бағишлайди ҳамда Ўзбекистонда теннисга бўлган қизиқишни янада оширади, — дейди Сардор Камилов.
Ўзбекистон теннис федерацияси халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий терма жамоаларнинг мавқеини ошириш йўлида изчил фаолият олиб бормоқда.
Жамоа таркибига жаҳон даражасидаги спортчининг қўшилиши мамлакатимизда профессионал теннис мактабини шакллантириш сари муҳим қадам бўлиб, ёш ўйинчилар учун улкан тажриба манбаи саналади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА