Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбарларига китоб совға қилиши замирида мужассамлашган маънавий жасорат ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Парижда бўлди.
Мен Президентимизнинг хорижий сафарларини доимо диққат билан кузатиб бораман.
Франция нафақат Европанинг, балки дунёнинг энг нуфузли, энг тараққий этган, энг ривожланган давлати ҳисобланади.
Франциядек қудратли мамлакат раҳбарининг Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган самимий мулоқоти, алоҳида эътибори, дўстона яқинлиги, мени жуда қувонтирди.

Бу, бутун дунёда айниқса, Европада Ўзбекистонга бўлган қарашлар тобора ижобий маъно касб этаётганини англатади.
Европанинг ўз талаблари, ўз қарашлари мавжуд. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар айниқса, Франция ҳамма билан ҳам гаплашавермайди.
Ўзбекистон раҳбарига жуда юксак эътибор қаратилганини Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасининг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирлангани ҳам кўрсатиб турибди.
Фахрий легион ордени Франциянинг энг олий давлат мукофоти ҳисобланади. Бу мартабага АҚШ Президенти Фраклин Рузвельт, Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилль...каби машҳур сиёсатчилар эришганини ҳисобга олсак, унинг аҳамияти янада ёрқинроқ намоён бўлади.
Президентимизнинг Францияга давлат ташрифи ҳақидаги маълумотларни ўқиш давомида, Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг телеграм каналидаги мана бу хабар эътиборимни тортди : “Елисей саройидаги олий даражадаги учрашув чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макронга буюк француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган “Кулаётган одам” романининг илк нусхасини совға қилди...”
Президентимиз 2020 йил Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимидаги нутқида шундай деган эди : “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда ”.
Шавкат Мирзиёев Туркиядаги мазкур кутубхонага дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур «Маснавий» асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни туҳфа қилган эди.
Ўзбекистон Президенти матбуот котибининг юқоридаги хабарини ўқиганимдан кейин кўнглимдан шундай бир фикр ўтди.
Давлат раҳбарларига китоб совға қилиш Президент Шавкат Мирзиёевнинг дунё дипломатиясидаги янги маърифий услуби бўлиб, бу ўринда маърифий дипломатия иборасини ишлатиш тўғри бўлади.
Президентимиз шу пайтгача Туркия, Венгрия, Япония, Франция, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон каби мамлакатлар раҳбарларига китоб совға қилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.
Президентлар ва Ҳукумат раҳбарларига тақдим этилган бу китоблар асосан, ўша халқларнинг давлатчилиги, тарихи, адабиёти, маданияти, тили, динига оид энг нодир, шоҳ асарлар ҳисобланади.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошлиқларига китоб совға қилиши билан, мамлакат халқига бўлган чексиз ҳурмати, эҳтиромини ҳам ифода этади.
Китоб совға қилиш замирида бугунги технологиялар асри аёвсиз ўз домига тортиб кетаётган китобларни асраб қолиш ва китоб ўқишни рағбатлантириш ғояси ҳам мужассамлашган.
Ўзбекистон раҳбарининг маърифий дипломатияси бугун бутун дунёда эътироф этилаётгани, ибрат сифатида кўрсатилаётгани ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди.
Адабиёт, китоб даражасида халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган, бир-бирига боғлайдиган бошқа восита йўқ деб ўйлайман.
Китоблар халқлар ҳақида, маданиятлар тўғрисида энг кўп маълумот берадиган манбадир. Мазкур китоблар мамлакат раҳбарларига совға қилинар экан, бу билан Президентимиз бизни халқимиз сизларни адабиётингизни севиб ўқийди ва қадрлайди деган туйғуни ҳам ифода этади.
2016 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда жаҳон мамлакатлари лидерларининг китобларини нашр этиш анъанаси яратилди. Бунинг натижасида, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг “Қашшоқликдан халос бўлиш”, Сингапур Бош вазири лавозимида фаолият кўрсатган Ли Куан Юнинг “Учинчи дунёдан биринчи дунёга“ номли китоблари ўзбек тилида чоп этилди. Бу жараёнлар, яъни маърифий дипломатия изчил давом эттирилмоқда.
Маърифий дипломатия натижасида Корея Республикасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев”, Озарбайжонда “Шавкат Мирзиёев феномени”, Хитойда “Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори” номли китоблар нашр этилди ва халқаро миқёсда тақдимотлари ўтказилди.
Нафақат гўзаллик, эзгулик, яхшилик ва маърифат, балки китоблар ҳам дунёни қутқаради. Инсониятга руҳий сокинлик, хотиржамлик бағишлайди. Инсоният интернет ва замонавий технологияларни инкор этмаган ҳолда китобга қайтиши керак.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Шавкат Мирзиёевга 19 аср охирида француз фотографи томонидан суратга олинган Жиззах воҳасидаги “Темир қопқа” дараси манзараси акс этган тарихий расмни совға қилди.
Ўзбекистон раҳбари томонидан асос солинган маърифий дипломатия бутун дунёда акс-садо бермоқда...
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.