Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифий дипломатия: Бухоро ва Усмонли турк ҳукмдорлари ўртасидаги китоб алмашинуви
09:05 / 2026-01-08

Дипломатик муносабатлар тарихида давлат раҳбарлари одатда қимматбаҳо совғалар, қурол-яроғ ёки олтин-кумуш алмашинувига катта эътибор берадилар. Аммо XIX аср бошларида Бухоро амирлиги ва Усмонли давлати ўртасидаги ёзишмаларда бутунлай бошқача, ғоят ибратли ҳолат кузатилади. Бухоро ҳукмдори ўз элчилари орқали Истанбулдан моддий бойлик эмас, балки нодир китоблар юборишни сўраган. Ушбу воқеа аждодларимизнинг илм-маърифатга бўлган муносабати нақадар юксак бўлганлигини кўрсатувчи далилдир.

Усмонли архивидаги турк султонининг ҳижрий 1242 йил 29-зулҳижжа (милодий 1827 йил 24 июль) санаси билан қайд этилган хатти ҳумоюнида Бухоро ҳукмдорининг султондан тафсир (Қуръон шарҳи) ва фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) китобларини сўрагани баён этилган. Бу шунчаки оддий илтимос эмас, балки давлат миқёсидаги муҳим масала сифатида кўрилган. Бухоро амирининг илтимосига кўра, бозорда мавжуд бўлган китобларни сотиб олиш учун хазинадан маблағ ажратилиши ҳақида махсус фармон чиқарилган.

Ҳужжатда келтирилишича, Бухоро амири томонидан тақдим этилган рўйхатдаги китобларнинг бир қисми сотиб олинган ва уларнинг нархи беш минг тўрт юз эллик уч курушни ташкил этган. Бироқ масаланинг энг қизиқарли томони шундаки, амир сўраган айрим нодир китоблар китоб бозорларида топилмаган. Шунда Усмонли султони бу ноёб асарларни сарой ичидаги Эндерун кутубхонасидан қидириб топиш ва агар мавжуд бўлса, Бухорога юбориш ҳақида кўрсатма берган. Бу ҳолат икки туркий давлат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларнинг нақадар чуқур бўлганлигини ва султоннинг илм аҳлига бўлган юксак ҳурматини намоён этади.

Бухоро амирларининг китобга бўлган муҳаббати фақат бу билан чекланмаган. Турк султонининг ҳижрий 1235 йил 29-зулҳижжа (милодий 1820 йил 7 октябрь) санасидаги бошқа бир хатти ҳумоюнида ҳам Бухоро амири Ҳайдар томонидан сўралган китоблар тўпламини юбориш ҳақида сўз боради. Амирнинг бу маърифий илтимоси – китоблар юбориш масаласи ижобий ҳал қилинган. Бу шуни англатадики, сиёсий вазият қандай бўлишидан қатъи назар, илм-фан ва маърифат йўлидаги ҳамкорлик тўхтаб қолмаган.

Бухородан борган элчилар, масалан, Мирза Муҳаммад Фозил, 1824 йилда ўз юртидан қимматбаҳо совғалар қаторида Қуръони Каримнинг ноёб нусхаларини ҳам олиб борганлиги ва бу турк султони Маҳмуд II томонидан катта мамнуният билан қабул қилингани ҳам Усмонли авхиви ҳужжатларида қайд этилган.

Тарихий манбалар таҳлили шуни кўрсатадики, XIX аср Бухоро амирлиги учун нафақат сиёсий курашлар, балки фиқҳ ва тафсир илмларини чуқур ўрганиш даври ҳам бўлган. Амир Ҳайдар каби ҳукмдорлар давлат хазинаси маблағларини Истанбулдан нодир китоблар келтиришга сарфлаши, уларнинг давлат бошқарувида маърифатга таянишга интилганлигини кўрсатади. Усмонли султонларининг бу сўровларга “лаббай” деб жавоб бериши ва ҳатто ўз шахсий кутубхоналарини очиб бериши эса туркий халқлар ўртасидаги ягона маънавий макон тушунчаси мавжуд бўлганлигидан далолат беради.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА