Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифатпарвар юртдошимизнинг аянчли қисмати
11:02 / 2025-08-25

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ маънавий ҳаётимизда янги давр бошланди. Ўзликни англаш, тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш, миллат маънавиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Энг аввало, эрк ва озодлик йўлида, Ватан тинчлиги йўлида жонини фидо қилган, қаҳрамонлик кўрсатган ватандошларимиз номини оқлаш ва хотирасини абадийлаштиришга эътибор қаратилди.  

Айниқса, сўнгги йилларда жадидчилик намояндаларининг қизғин ва оташин фаолиятини ўрганиш, тадқиқ этиш ҳамда уларнинг номини оқлаш борасида қатор ижобий ишлар қилинди. Номи рўйхатлардан ўчирилган, ҳаётининг сўнгги онларини қамоқхоналарда, сургунликда аянчли ҳолда ўтказган юртдошларимиздан кўпчилигининг номи тикланди, оқланди.  

Уларнинг Ватан ва миллат олдидаги беқиёс хизматлари, маърифатпарварлик ғоялари ва ҳаракати, мардлиги ёш авлод вакилларига намуна сифатида намоён этилмоқда. Бугунги тинч ва осойишта, фаровон ҳаётга осонлик билан етиб келинмагани, аждодларимизнинг фидойилигию ватанпарварлигининг натижаси экани тушунтирилмоқда.      

Халқнинг маърифатли бўлиши йўлида ўзини аямаган жадидлардан бири, самарқандлик маърифатпарвар Сайид Ризо Ализода ҳаёти ва фаолияти, ижоди, унинг бошига тушган кулфатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи кичик илмий ходими Юнус Сафаров қуйидагиларни қайд этди:

— Қадимий Самарқанд шаҳри ХХ аср бошларида ҳам жадидчиликнинг асосий катта маданий марказларидан бири эди. Бу ерда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муин, Ажзий, Вадуд Маҳмуд, Исмоилзода, Садриддин Айний каби ўз даврининг йирик жадид ва адабиёт намояндалари фаолият кўрсатган. Улар орасида Сайид Ризо Ализода ҳам бўлиб, у 1887 йилда Самарқанднинг Боғишамол маҳалласида Мирмахсум косиб оиласида дунёга келган.  

Сайид Ризо Ализода дастлаб Абулқосим Ал-Ганжий мактабида ўқийди. Кейинчалик шу мактабда ўқитувчи ва мудир бўлиб ишлайди. 1906 йилда Мингтут маҳалласида ўзи “Мактаби исломия”ни очади. Сайид Ризо Ализода бир вақтда ҳам педагогик, ҳам журналистик фаолият олиб борган. Бунда унинг атрофидаги ўз даврининг етук олимлари ва жадид тараққийпарварларининг таъсири каттадир. Айниқса, “Ойна” журнали, “Самарқанд” газеталарининг ташкил этилиши ва фаолиятида Саидризо Ализода ҳам фаол қатнашади.  

Самарқанд тараққийпарварлари ўз чиқишларида танқидчиликка алоҳида эътибор қаратган. Уларнинг “Машраб”, “Таёқ”, “Мулла Мушфиқий” каби журналларда чиқувчи мақолаларидан мустамлакачи совет ҳукумати, маҳаллий амалдорлар, дин пешволари ва бойлар қаттиқ чўчиб турган. Чунки ушбу журналларда чиқувчи фелъетон ва ҳажвий шеърлар ўз давридаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муҳитни қаттиқ танқид қилиши билан ҳам ажралиб турган.  

Сайид Ризо Ализода ҳам ўзининг “Шапалоқ” туркумидаги мақолалари билан, сатирик шеърлари билан жамиятдаги адолатсизлик ва чиркин иллатларни танқид қилади. Сайид Ризо Ализода учун жадид маърифатпарвари сифатида жамиятдаги бу каби ҳолатларни кўриш ва улар билан бирга замондош бўлиб яшаш оғир эди. Маҳаллий сотқин айрим амалдорлар чор маъмурлари ва большевиклар билан келишиб, ўз халқини топташда давом этар эдилар. Сайид Ризо Ализода бу ишларга жимгина қўл қовуштириб қараб ўтирмайди. У матбуот жуда кучли қурол эканини билган ҳолда, газета ва журналларда танқидий мақолалар чоп этади.  

1917 йил октябрь инқилобидан кейин ҳамма маърифатпарварлар қатори Сайид Ризо Ализода ҳам дастлаб большевикларга катта ишонч билан қарайди. Жадидлар ва бошқа сиёсий раҳнамолар томонидан 1917 йил 28 ноябрда Туркистон Мухторияти тузилди. Чўлпон ва Фитратлар ушбу давлатнинг ташкил топишига атаб оташин шеърлар ва мақолалар чоп этди. Бироқ орадан кўп ўтмай, янги ҳокимиятнинг ваъдалари ёлғон, хомхаёл экани маълум бўлди. Большевиклар ҳокимиятни қўлга киритиш учун сўз ва матбуот эркинлигини цензурага олди. Янги ташкил топган ҳар бир матбуот, айниқса, у жадидчилик билан боғлиқ бўлса, ёпиб ташланди.

Аммо Самарқанд жадидлари Беҳбудий, Шакурий, Ажзий, Ҳожи Муин ва Сайид Ризо Ализода ва бошқалар ҳар хил номлар билан нашрларни қайта чиқаравердилар. “Камбағаллар ўқи”, “Камбағаллар товуши” ва “Зарафшон” газеталари бунга мисол бўла олади.

Сайид Ризо Ализода қачон ноҳақликларни кўрса, албатта, уни қаламга олар ва матбуотда ҳеч бир муболағасиз чоп этар эди. Турли таъқиблар Сайид Ризо Ализодани асло чўчитолмади. Аксинча, янада серғайрат бўлиб, эзгу ишлар қилишга, маърифатни юксалтириш йўлида ҳаракат қилишга ундар эди. Беҳбудий Сайид Ризо Ализодани 1913 йил августда “Ойна” журналига маъсул котиб этиб тайинлаганда, у энди 26 ёшни қарши олган эди.  

1917 йилга қадар ким агар матбуотда давлат сиёсати ва ўлкадаги оғир аҳвол ҳақида фикр юритса, албатта, жазоланган. Матбуот фақатгина мустамлакачи ҳукумат, мулкдор ва бойлар фойдасига ёзилган ёлғон матбуот эди. Барча тараққийпарварлар 1917 йил октябрь инқилобини жуда катта умид ва хурсандчилик билан қарши олган эдилар. Бироқ большевиклар аввалгидан ҳам қаттиқроқ адолатсиз жамият сари қадам ташлади. Большевиклар ва маҳаллий қарам икки давлат (Хива ва Бухоро амирлиги)даги айрим раҳбарлар тил бириктирган ҳолда зимдан, гоҳида очиқчасига эндигина куртак отиб келаётган жадидчиларга қарши кураш бошлади. Жадид маърифатпарварлари ортидан доимий кузатув йўлга қўйилди. Ҳар бир маърифатпарвар ортидан хуфиялар соядек эргашиб, тинимсиз равишда улар ҳақидаги маълумотларни мустамлакачиларга етказиб турган.  

Натижада ХХ асрнинг 30 йилларида халқимизнинг зиёли қатлами босқичма-босқич қатағон этиб йўқ қилинди. Сайид Ризо Ализода ҳам 1938 йил 3 февралда қамоққа олинди. У қамоқда шафқатсиз, ноинсоний азоблар домида шундай сатрларни битган эди: “Шошилинглар. Балки ишим махсус йиғилишда кўрилар, лекин ҳеч қандай умид йўқлиги аниқ. Барибир иш (муддат) беришлари тайин, шошилсанглар бироз муддат камроқ берилар. Ким махсус йиғилишдан ўтган бўлса, 3 йилдан 8 йилгача олган. Балки мени шимолга юборишар, у ерда вафот этсам, бошқа кўришмасмиз, унда жаннатда кўришамиз”.

Бу сатрлардан жадид олимининг ҳаётдан деярли умиди сўнганини кўриш мумкин. Сайид Ризо Ализода 1945 йил 24 февралда қамоқхонадаги 8 йиллик азоб-уқубатлар оқибатида вафот этди. У 1959 йилда оқланди.  

Афсуски, шундай жадид ҳаракати асосчиларидан бирининг номи кўп йиллар давомида унутилиб келинган ҳамда рўйхатларда бўлмаган. Унинг илмий мероси ХХ аср сўнгида ўрганила бошланди. Сайид Ризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализоданинг 50 йил давомида олиб борган изланишлари натижасида қабри Самарқандга олиб келинди, уй музейлари ташкил этилган.

ЎзА мухбири

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.