Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифатпарвар генералнинг нодир қўлёзмаларга бой кутубхонаси бўлган
08:56 / 2021-02-01

Ватанимиз тарихидаги 1 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

999 йил (бундан 1022 йил олдин) – сомонийлар сулоласидан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори Абул Ҳорис Мансур ибн Нуҳ II тахтдан ағдарилиб, икки кўзи кўр қилинди. У бор-йўғи икки йил ҳукмронлик қилди.

Унинг даврида мамлакатда парокандалик, ҳукмдор билан лашкарбошилар ўртасида ички низолар, ташқи хавф – Қорахонийлар давлати ҳужумлари кучайди. Айниқса, қорахонийлар томонига ўтган хоин лашкарбошилардан Фойиқ саройга нисбатан уюштирган фитналарда фаол қатнашди.

Айнан ушбу хоин лашкарбоши турк ғуломларига суянган ҳолда ҳукмдорни тахтдан ағдариб, кўзини кўр қилди. Бу кучсизланиб қолган сомонийлар сулоласига пайт пойлаб берилган кучли зарба эди. Шу йили Мовароуннаҳр қорахонийлар томонидан эгалланган.

1903 йил (бундан 118 йил олдин) – Ўзбекистон Миллий архиви 1009-фонд, 1-қайд, 103-иш, 103-варақда баён этилишича, Туркистонда фаолият кўрсатган рус шарқшуноси, этнографи Николай Остроумов ҳарбий арбоб, маърифатпарвар, рус армияси генерали Жўрабек билан учрашди. У учрашув таассуротларини ўз кундалигида, жумладан, қуйидагича қайд этган:

“У рус бошлиқлар хусусидаги ўз фикр-мулоҳазаларини тўппа-тўғри, ҳатто кескин қилиб айтади. Бироқ шахсий ҳаётига оид тафсилотларни айтишдан ҳамиша ўзини тияди. Ишончим комилки, у қизиқарли ва ўз обрў-эътибори учун нафли деб ҳисоблаган нарсаларнинг ҳаммасини ён дафтарига қайд қилиб боради. Умуман Жўрабек – ўткир шахс ва унинг ён дафтаридаги қайдлари Туркистоннинг келгусидаги тарихчиси учун аҳамият касб этажак”.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жўрабек илм-маърифатга катта аҳамият берган. Шарқ қўлёзмаларининг, хусусан, нодир асарларнинг бой кутубхонасига эга бўлган. Шарқ тиллари ҳамда рус тилини яхши билган. 1876 йилда Петербургда бўлиб ўтган шарқшуносларнинг учинчи халқаро конгрессида қатнашиб маъруза қилган. Жўрабек жадидлар билан ҳамфикр, ўзбек мутафаккир шоири Фурқат билан дўстона муносабатда бўлган.

1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қўчқор Турдиев таваллуд топди (вафоти 1992 йил). У 1941 йилдан Жануби-Ғарбий фронт 38-армиянинг 47-тоғўқчи дивизиясида хизмат қилган. Қўчқор Турдиев 1941 йил 15 октябрда Харьков вилоятининг Краснокутск раёни Трудолюбовка қишлоғидаги жангда душман дзотини портлатиб юборган. Унга 1942 йил 27 мартда Қаҳрамон унвони берилган. 1942 йил кичик-лейтенантлар курсини, 1943 йил Гомель ҳарбий пиёдалар билим юртини тугатган, взвод ва ротага командирлик қилган.

1920 йил (бундан 101 йил олдин) – Хива хонлигининг пойтахти Хива шаҳри қизил аскарлар томонидан жангсиз ишғол қилинди. Бу пайтда Хива хони Саид Абдуллахон ва унинг амалдорлари бирон-бир қаршилик кўрсатмадилар. Саид Абдуллахон қизил аскарлар ва Ёш хиваликлар талаби билан тахтдан воз кечганлиги тўғрисидаги манифестни имзолади. 2 февралда манифест халққа ўқиб эшиттирилди ва Мажлис чақирилгунга қадар ҳокимият Муваққат инқилобий ҳукумат қўлига ўтганлиги эълон қилинди. Шу тариқа Хоразмда хонлик тузуми қулатилди.

1947 йил (бундан 74 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдуғафур Мамадалимов таваллуд топди. У “табиий полимер толалар электрофизикаси”га асос солган.

1966 йил (бундан 55 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих ва археология институти таркибида махсус илмий лаборатория ташкил этилди. Унга республикамизда очилаётган археологик ёдгорликларда топилаётган ноёб санъат асарлари, турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ва меъморий ёдгорликларни табиий фан усуллари ёрдамида ўрганиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш усулларини яратиш ва зарурий амалий ишларни бажариш юклатилган эди.

1994 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси билан Замбия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро «Кураш» ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади