Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз барпо этиб бўлмайди
20:50 / 2022-09-21

Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Сурхондарё вилояти “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларининг илк анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳаракатнинг вилоят, туман ва шаҳар, маҳалла бошланғич гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Президентимиз жорий йил 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойларда обрў-эътиборли, катта тажрибага эга “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил этиш ғоясини илгари сурган эди. Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам жамоатчилик асосида фаолият юритадиган мазкур ҳаракат ташкил этилиб, унинг етакчиси ва ўринбосарлари сайланди.

Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасида ҳаракатнинг 40 нафар, туман, шаҳар бўлимларида 30 нафар, туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада 15 нафардан энг фаол, ташаббускор аёллардан иборат бошланғич гуруҳлар ташкил этилди.

[gallery-8866]

“Оқила аёллар” ҳаракати Янги Ўзбекистонда янги маънавий макон яратиш учун халқимизга хос эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одат ва ноёб анъаналарни тарғиб қилади. Маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-она масъулияти, ибратли ота-она бўлишнинг аҳамияти, маърифатли жамият қуришда маърифатли оилаларнинг ролини тушунтиради. Аёллар айниқса, ёш қизларда оила ва Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдиради. “Одобли қиз” ва “Маърифатли она” қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Оилаларда китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантиришга кўмаклашади.

–“Оқила аёллар” ҳаракатининг тумандаги “Ҳуррият” ва “Элобод” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги бошланғич гуруҳларига жамоатчилик асосида етакчи этиб сайлашди, – дейди Қумқўрғон туманидаги 22-мактаб директори ўринбосари Раъно Жўраева. – Ҳар иккала маҳаллада 15 нафардан энг фаол ва ташаббускор, катта ҳаётий тажрибага эга аъзоларимиз бор. Улар билан бирга хотин-қизларимизни янги маънавий макон яратишдек эзгу ғоя атрофида бирлаштириб, маънавий ишлар самарадорлигини янада оширишни белгилаб олдик. Бунинг учун ҳар бир оилада миллий қадриятларимизга ҳурмат, юртга садоқат руҳида камолга етадиган юксак маънавиятли, Учинчи Ренессанс пойдеворини қурадиган ёшларни тарбиялашга алоҳида аҳамият берамиз. Зеро, юксак маънавиятли оналар маърифатли жамият устунидир.

Тадбирда сўзга чиққан ҳаракат аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадрини улуғлашга қаратилаётганини қайд этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ҳаракат ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилишини, маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз барпо этиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Бундай улуғвор мақсадларни руёбга чиқариш йўлида яратилаётган шароитлар ҳақида фикр алмашилди.

Хотин-қизлар фаоллигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларга бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Анжуманда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова сўзга чиқди.

Тадбир доирасида вилоят ҳунармандлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчиларга вилоят ҳокими номидан оила ва фарзанд тарбиясига бағишланган китоблар туҳфа қилинди.

Шу куни Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова Термиз шаҳридаги вилоят ҳунармандлар бошқармасининг миллий мато ва буюмлар тайёрлаш маркази, вилоят онкология диспансери, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида бўлиб, қўли гул ҳунармандлар, шифохонада даволанаётган аёллар ва қўшни давлатдан келиб ўқиётган йигит-қизлар билан суҳбатлашди. Бемор аёлларга совғалар улашди. Шунингдек, Ангор ва Музработ туманларида пахта йиғим-теримида фаол иштирок этаётган аёллар билан учрашди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири