Юқори Чирчиқ туманидаги "Astrum IT" академиясида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, секторлар раҳбарлари иштирокида туман ва шаҳарлардаги ёшлар етакчилари ҳамда фаол ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида ёшлар билан ишлаш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2024 йилда режалаштирилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бугун вилоят аҳолисининг 50,2 фоизи ёшлардир. Ўтган даврда “Ёшлар дафтари” га киритилган 32 минг нафар ëшга 70 миллиард 821 миллион сўмлик моддий ëрдамлар кўрcатилди. Бундан ташқари, 1 минг 616 нафар йигит-қизга ўзини ўзи банд қилиши учун зарур аcбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари ажратилди. 1 минг 453 нафари эса келажак касбларига ўқитилди, 3 минг 680 нафарига даволаниш харажатлари қоплаб берилди.
Бундан ташқари, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига қулай иш шароитини яратиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун маҳаллий бюджетдан 17,6 миллиард маблағ ажратилди.
Вилоятдаги фаол ёшларнинг 4 нафари “Мард ўғлон”, “Келажак бунёдкори” давлат мукофоти билан, 25 нафари турли кўкрак нишони билан, 200 нафардан ортиғи ёшлар турли мукофотлар билан тақдирланди.
Учрашувда вилоят ҳокими маҳаллаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича таклиф берди.
– Агар қайси ёш уйида кутубхона ташкил қилса, биз унга бюджетдан 20 миллион сўм пул берамиз, – деди Зойир Мирзаев. –15 миллион сўмни китобга, қолганини эса бошқа ташкилий ишлар учун ҳисоб рақамига ўтказамиз. Лекин у маҳалла ёшлари учун китобни бепул ўқишга бериши керак. Ҳозиргача ҳам бу амалиётни амалда қўллаган бўлсак-да, бундан кейин бу борадаги ишлар янада оммлаштирилади.
Шу билан бирга, ҳудуддаги қизил тоифадаги маҳаллаларда вазиятни яхшилаш чоралари кўрилади. Бунда назоратдаги ёшларнинг ота-оналари билан бирга доимий суҳбатлар ўтказиш кераклиги, оилавий муҳитни ўрганиш ва зарур чоралар кўриш борасида мутахассисларга топшириқлар берилди. Асосий мақсад ёшларни ёт ғоялардан сақлаш, бандлигини таъминлаш ва жойларда ҳуқуқбузарликларни бартараф қилишдир.
Масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда барча умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва техникумларга қарашли 766 та стадион, 815 та спорт залининг доимий фаолияти йўлга қўйилади. Бу жараённи назорат қилиш чоралари кўрилади. Ёшлар қизиқишини алоҳида ўрганган ҳолда жойларда ташкил этилаётган тўгараклар фаолияти ривожлантирилади. Малакали мутахассислар ёшлар билан шуғулланиши учун жалб қилинади.
Учрашувда "Маърифатли тўй" дастурини ишга тушириш ва аҳолига намуна бўлиши учун халқимизнинг миллий маданиятига хос бўлган энг гўзал анъаналар, қўшиқларни тарғиб қилиш кераклиги айтиб ўтилди. Бунда ёшлар ташаббус кўрсатишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳозирги кунда ўтказилаётган айрим тўй-ҳашамлардаги ноўрин ҳолатлар танқид қилинди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат),
ЎзА мухбирлари