Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан “Варахша” маҳалла фуқаролар йиғинида “Маърифатли оила-жамият таянчи” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, шаҳар маданият бўлими, ёшлар ишлари агентлиги, Бухоро гарнизони ва Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси, маҳалла фаоллари, нуроний ҳамда ёшлар қатнашди.

- Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади, - дейди “Варахша” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Кенжаева. - Оила мустаҳкам бўлган давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Шу сабабдан барчамизнинг олдимизда оилага эътиборни кучайтириш, уни ижтимоий ҳимоялаш, эъзозлаш ва қўллаб-қувватлаш вазифаси турибди.
Тадбир давомида шаҳар маданият бўлимининг “Ширу Шакар” фольклор-этнографик жамоасининг чиқишлари тадбирга ўзгача кайфият улашди.

Тадбир якунида “Энг фаол маънавият тарғиботчиси”, “Энг фаол китобхон оила”, “Маърифатли оила”, “Маърифатли аёл” номинациялари, шунингдек, юқори натижаларга эришган ёшларнинг ота-оналарига ташаккурнома билдирилиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

-Ўзбекистонда оиланинг мавқеи ниҳоятда юқори, -дейди тадбирнинг “Энг фаол китобхон оила” номинацияси ғолиби Фароғат ая Изомова. - Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва тараққиёт сиёсатининг мақсади юртимизда истиқомат қилувчи барча инсонлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш, ривожланаётган демократик мамлакатлардаги кафолатланадиган турмуш даражаси ва эркинликларини таъминлаш, ахлоқий жиҳатдан мустаҳкам оила бўлган адолатли жамиятни шакллантиришдир. Шундай экан, биз маҳалла фаоллари ёшларга ўрнак бўлиб доимо уларни тарбияси учун камарбаста бўлишимиз даркор.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.