Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифатли, маънавиятли жамият ўз мақсадига албатта эришади
12:09 / 2022-07-10

Шу кунларда маҳаллалар, меҳнат жамаолари ва ҳаттоки тўйларимизда ҳам умумхалқ эътиборига ҳавола этилган Конституциявий қонун лойиҳаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Одамлар лойиҳани эмин-эркин таҳлил қилиб, фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдираётир. Чунки, янада фаровон, обод келажагимизни белгилаб берадиган мазкур ҳужжатда миллий қадриятларимиз улуғланиб, кейинги йиллардаги тараққиётимиз ва жамиятимиздаги янгиланишларга мос ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилаётгани юртдошларимизда катта қизиқиш ўйғотмоқда.

Хўш, мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар жараёнида ушбу қонун лойиҳасида таълим тизимида қандай ўзгариш ва қўшимчалар киритилиши илгари сурилмоқда?

Биламизки, амалдаги Бош қомусимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган эди. Ўзгариши кутилаётган Конституцимизда бу масалага чуқур ёндошилиб, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи ҳамда бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, умумий ўрта таълим мажбурийлиги белгиланмоқда. Мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида экани каби қатор янги нормалар киритилмоқда. Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш – жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва обрў-эътибори давлат ҳимоясидадир, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди, деган янги нормалар билан бойитилаётир.

Бу қўшимчалар кейинги беш йилда мамлакатимиз таълим тизимида бўй кўрсатган ўзгаришларни, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалалари конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўяётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Ватанимизда ўтмишдан устоз софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсон, бутун кучини, ақл-идроки, билим ва зеҳнини, қалб қўрию меҳрини шогирдларига бахшида этган заҳматкаш касб эгаси сифатида улуғланган. Буюк мутафаккир Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир” деган гапида ҳам чуқур маъно бор. Демак, ўқитувчилар зиммасига келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук, баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар авлодни тарбиялашдек ўта муҳим, ғоят шарафли вазифа қўйилган. Айниқса, юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрлаш даври бўлган бизнинг асримизда бу масала янада долзарб аҳамият касб этаётир. Шу боис сайёрамизда мамлакатнинг тараққиёт даражаси педагогларнинг жамиятда тутган ўрнига қараб белгиланмоқда. Масалан, Японияда ўқитувчиларга император ҳурматини, депутат дахлсизлигини, вазир маошини бериш эвазига мамлакат таълим тизими дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторига кўтарилди.

Кейинги йилларда бизнинг мамлакатимизда ҳам ўқитувчи-педагогларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, қатор имтиёзлар берилгани уларнинг таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга масъулият туйғусини юксалтирди. Педагогларнинг мавқеини мустаҳкамлади. Мисол учун, таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ишлаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўлаш тартиби жорий қилинди. Ёки таълим сифати паст мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб этилган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар бериладиган бўлди. Кимё, биология математика фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгиланди. 2022 йил 1 сентябрдан ихтисослаштирилган мактабларнинг физика фани бўйича миллий сертификатлаш тизимида максимал баллнинг 70 ва ундан юқори фоизини тўплаган физика фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик устама ҳақи 50 фоиз миқдорида тўлаб бериладиган бўлди.

Таълим муассасаларининг чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари профессор-ўқитувчилари ва ўқитувчиларига қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида – лавозим маошларига базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 30 фоизи миқдорида, қолган таълим муассасаларида – базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар белгиланди.

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражалар) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилди. Бошқа бир мисол: Бундан беш-олти йил муқаддам Сурхондарё вилоятида атиги битта университет фаолият юритаётган эди. Кейинги йилларда яна бешта олий таълим муассасаси ташкил этилиб, ёшларнинг илм-фан сирларини мукаммал эгаллаши учун қулай шароитлар яратилди.

Шу ўринда биз сўнгги йилларда ўқитувчи-педагогларга яратиб берилган шарт-шароитлар, имтиёзлар ва таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг айримларига тўхталдик, холос. Ваҳоланки, қонун лойиҳасида шунга мос равишда таълим ва илм-фан соҳасида содир бўлган ўзгаришлар конститутициявий мустаҳкамланиб, ўқитувчи-педагогларнинг жамиятдаги нуфузи оширилмоқда. Бу ҳақда яна лўнда фикр юритадиган бўлсак, мактабгача таълим масаласи жамият ва давлат ҳаёти учун муҳимлигидан келиб чиқиб, мазкур таълим ҳам давлат назоратида бўлиши кераклиги талаби ўрнатилмоқда.

Иккинчидан, “Таълим тўғрисида”ги Қонунга асосан, умумий ўрта таълим ўн бир йил давомида амалга оширилади. Ушбу қоиданинг Конституция даражасида белгиланиши ҳар бир фуқаронинг бепул ўрта таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Учинчидан, мамлакатда илм-фан ривожланиши учун давлат кўмаклашиш мажбуриятининг белгиланиши илмий-инновацион салоҳиятни янада юксалтиришда муҳим омил бўлади.

Мавриди келганда таъкидлаш лозимки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида давлат олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш, шу жумладан улар томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиётини йўлга қўйиш – вазифаси белгиланган эди. Мазкур норманинг мустаҳкамланиши ушбу вазифанинг конституциявий даражада кафолатини таъминлашга хизмат қилади.

Тинч, тўкин Ватанимизда Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият концепцияси шаклланиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсад қилиб олинди. Бундай улуғвор, эзгу мақсадлар руёби таълим-тарбия ва малкали педагоглар фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Ҳар қандай жамият уйғониши, тараққиёти таълим-тарбия тизими билан боғлиқ омилларга суянади. Кўп миллатли халқимиз қурмоқчи бўлган маърифатли жамият асосини ҳам илм-фан, таълим-тарбия, санъат, адабиёт, янги технология, инновациялар ташкил этади. Шунинг учун ҳам мазкур нормалар айни вақтида таклиф сифатида илгари сурилган, дейишга етарли асос бор. Бу таклифларни қўллаб-қувватлаётган олий таълим муассасамиз жамоаси ҳам педагогларнинг кўп йиллик орзу-истаклари амалга ошаётганидан беҳад мамнун бўмоқда. Соҳа ходимлари ҳуқуқларини таъминлашга қаратилаётган эътибордан фахр-ифтихор ҳиссини туйиб, халқимизни Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасида янада фаол иштирок этишга ундамоқда. Зеро, маърифатли, маънавиятли жамият ўз мақсадларига албатта эришади.

Ўрол АҲМЕДОВ,

Термиз муҳандислик-

технология институти ректори

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири