Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш борасида олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар ва уларнинг самараси эртамиз эгаларининг эришаётган улкан натижаларида ўз ифодасини топаётганлиги эътирофга муносиб. Жумладан, бу соҳага ҳукумат ғамхўрлигидан тортиб саховатли инсонларнинг ҳам ҳисса қўшишга чоғланаётгани ҳар қандай таҳсинга лойиқ.
Айни пайтда 2 минг 135 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабнинг собиқ битирувчиси, “Aisha home textile” компанияси директори Жобирхон Камолиддиновнинг кўрсатган саховати Намангандан чиқиб, бутун республикага таралди. Тадбиркор ҳомийлигида 944 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирланди, 100 ўринли фаоллар ва спорт зали реконструкция қилинди, 150 ўринли ошхона фойдаланишга топширилди. Ўқувчи қуввати 1 минг 264 ўрин бўлиб, таъмирлаш ишларидан сўнг вилоят нотариал архиви биноси негизида қўшимча 320 ўрин ҳозирланди ҳамда 1 минг 584 ўринга келтирилди. Ушбу мақсадларга тадбиркорнинг 15 миллиард сўм маблағи йўналтирилди.

Мазкур мактабга Наманган шаҳридаги Алпомиш, Заркент ва Сардоба маҳалларидан 2 минг 125 ўқувчи боради. Улардан 220 нафари бу йил илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Эътиборлиси, жажжилар учун тадбиркор ташаббуси билан бепул тушликлар ташкил этиладиган бўлди.
Янги қиёфа касб этган замонавий илмгоҳдан ўқувчилар ва устоз муаллимлар катта хурсандчилик ва миннатдорлик билан фойдаланмоқдалар. Айниқса, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси асосида мактабда инклюзив синфлар ва коррекцион хоналарнинг ташкил этилиши имконияти чекланган болалар учун катта қулайлик яратди.

Қолаверса, бирга, мактабнинг кириш қисмида ногиронлиги бўлган шахслар учун автотураргоҳда алоҳида жой ажратилди. Заиф кўрувчи ўқувчилар учун ташқи ва ички йўлаклар контраст чизиқлар билан жиҳозланди, эшиклар атрофига махсус ленталар ўрнатилди.
Бинога кириш қисмида пандуслар икки томонлама тутқичлари билан барпо этилди. Санитария-гигиена хоналарида эса ногиронлиги бўлганлар учун алоҳида хон ажратилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Шу каби қулайликлар болаларнинг қувончини ошириб, уларнинг самарали таълим олишига хизмат қилмоқда.

Юртимизнинг фидойи фарзанди, маърифатга ошуфта, саховатли тадбиркорнинг миллий таълим ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси муносиб қадрланиб, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан давлат мукофоти – “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. “Aisha home textile” компанияси таъсисчиси Жобирхон Камолиддиновга мукофотни шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев тақдим этганлиги қаҳрамонимиз учун унутилмас воқеа бўлди.

Жобирхон Камолиддинов нафақат тадбиркорлик соҳасида, балки жамият тараққиёти йўлида амалга ошираётган хайрли ишлари билан ҳам танилган. Айни вақтда у Наманганда 1000 ўринли замонавий мактаб қуриш ишларини олиб бормоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.