Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифатга бағишланган умр
21:37 / 2026-02-21

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрининг Наврўзобод маҳалласида истиқомат қилувчи Абдуқул Маматов ва Бону Маматова хонадони бугун нафақат маҳалла, балки бутун ҳудуд аҳли учун маънавият масканига айланган.

Уларнинг уйи оддий хонадон эмас, балки XVI–XVIII асрларга оид осори-атиқалар, нодир қўлёзмалар ва минглаб китоблар жамланган ҳақиқий уй-музейига айланиб улгурган.

Маматовлар хонадонида XVI, XVII, XVIII асрларга оид турли тарихий буюмлар, қўлёзма манбалар, ўзбек, тожик, форс ва рус тилларидаги 2500 дан зиёд китоблар сақланади. Бу ерга ташриф буюрган киши нафақат экспонатларни томоша қилади, балки уларни мутолаа қилиш имконига ҳам эга бўлади. Уй музейидан жой олган ноёб экспонатлар орасида ўзбек ва жаҳон бокси афсоналаридан бири, “Тошкент йўлбарси” номи билан машҳур бўлган Руфат Рисқиев томонидан тақдим этилган бокс қўлқопи алоҳида эътиборга молик. Шунингдек, бу ерда бир пайтлар ҳудудда фаолият юритган керамика заводида ишлаб чиқарилган, биринчи космонавт, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Юрий Гагарин дастхати туширилган керамика қувур ҳам сақланмоқда. Турли даврларга оид суратлар, ўлкамизнинг гўзал табиатини акс эттирган рангтасвир асарлари музейга янада кўрк бағишлаган.

Беш йил муқаддам умра зиёрати учун йиғилган маблағни Абдуқул ака ва Бону опа мамлакатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббус доирасидаги ишларга йўналтиришга қарор қилди. Улар ўз хонадонида ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш мақсадида кутубхона ва турли тўгараклар ташкил этди. Бону Маматованинг айтишича, хонадонига ташриф буюрган ҳар бир инсонга музейдаги экспонатлар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилади. Бу ишлардан нафақат оила аъзолари, балки маҳалла ёшлари ҳам манфаат кўрмоқда. Фарзандлар эса “музейи бор хонадон” да улғаяётганидан фахрланишади.

Бону опа ўзбек ва тожик халқларининг юз-икки юз йиллик тарихига эга кашта, зардевор ва сўзана каби ҳунармандчилик намуналарини жамлаб, уйнинг яшаш хоналарини ҳам қадимий анъаналар руҳи билан безаган. Бу буюмлар хонадонга миллий руҳ, тарихий хотира ва эстетик нафосат бағишлаб турибди.

Куни кеча ушбу хонадонда буюк мутафаккирлар — Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий учрашув ташкил этилди. Тадбирда Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Тўхтамиш Боқиев, Мунаввар Пардаев, Нодира Дўстматова ва бошқа ижодкорлар иштирок этишди. Суҳбатлар давомида Навоий ва Бобур ҳаёти, ижоди, уларнинг адабий ва маърифий мероси ҳақида мазмунли фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Асли касби ҳайдовчи бўлган Абдуқул ака ва кутубхоначи Бону опа Навоий ва Бобур ижодининг чин мухлисларидир. Улар ҳар йили алломалар таваллуди муносабати билан турли маърифий кечалар ўтказиб келишади. Хонадонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ҳокимликлар, турли ташкилотлар ва юртимизнинг ўнлаб таниқли ижодкорлари томонидан туҳфа қилинган китоблар ҳам алоҳида жой олган.

Маматовлар хонадонида йилига бир неча бор Ховос туманининг Карвонсарой маҳалласида яшовчи Дониёр Асадовлар оиласида сақланаётган тарихий, қўш қаватли ёғоч лаганда ош сузиш анъанага айланган. Ривоятларга кўра, бу лаганда бир вақтлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ош еган. Лаган ёнғоқ дарахтидан қўш қават қилиб ишланган бўлиб, унга сузилган ош узоқ вақт иссиқлигини сақлайди. Шунингдек, гуруч доналари дастурхонга тўкилиб, увол бўлмаслиги учун ҳам қулай тарзда ясалган. Лаган ичига ўйиб ёзилган қадимий ёзувлар йиллар давомида ош сузилиши туфайли ўқиб бўлмас ҳолга келгани ҳам унинг қанчалик кўп йиллик тарихга эга эканидан далолат беради.

Ушбу оиланинг хайрли ташаббуслари давлатимиз эътиборидан четда қолмаган. 2023 йилда Абдуқул Маматов “Сирдарё вилоятининг 60 йиллиги”, Бону Маматова эса “Мўътабар аёл”, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Улар “Энг ибратли оила”, “Энг ибратли хонадон” танловларининг ғолиблари ҳам бўлишган.

– Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтирмоқчимиз, – дейди Абдуқул Маматов. – Маблағ ҳам, имконият ҳам бор. Муҳими, халқимизга, тарихимиз ва маънавиятимизга хизмат қилиш, келгуси авлод учун бой маънавий мерос қолдиришдир.

Ҳақиқатан ҳам, Янгиердаги бу “музейи бор хонадон” — ўтмиш ва бугунни боғлаб турувчи, ёшлар қалбида тарих ва адабиётга муҳаббат уйғотувчи ноёб маърифат ўчоғига айланган.

Ғулом Примов, ЎзА