Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифат – ёшларнинг маънавий қалқони
12:14 / 2025-11-21

Глобал ахборот хуружлари кучайган бир пайтда ёшлар онгини асраш, уларни соф фикр ва соғлом мафкура билан қуроллантириш ҳар қачонгидан долзарб. Жиззах политехника институтида ўтказилган “Жаҳолатга қарши – маърифат” тадбири ҳам айнан шу эзгу мақсадга хизмат қилди.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари А.Мамадалиев ҳамда Б.Маҳмудов, институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори С.Эшбекова, шунингдек, олийгоҳ талаба-ёшлари иштирок этишди.

Нотиқлар глобаллашув шароитида ёшлар онгига таъсир кўрсатаётган турли маънавий таҳдидлар, хусусан интернет маконида тарқалаётган сохта ғоялар, одамни алдов ва психологик таъсир орқали ишонтиришга қаратилган ахборотлар ҳамда бугунги кунда учраётган алдовчи диний чақириқлар ҳақида сўз юритишди. Шунингдек, улар томонидан ахборот оқими тўлқиндек ёпирилиб келаётган бу даврда ҳар бир ёшнинг ўз ақл-идроки билан оқ-қорани ажрата олиши, ишончли манба билан шубҳали манбани фарқ этиши ҳаётий заруратга айланаётгани таъкидланди.

Шунингдек, илм-маърифатни чуқур эгаллаган ёшларнинг жамиятда фаол, мустақил фикрлайдиган ва масъулиятли шахс сифатида шаклланиши, маънавий етук авлод эса ҳар қандай зарарли оқимларнинг олдини олишда энг кучли қалқон экани қайд этилди.

Чунки маърифат – қалбда ёнадиган чироқ, жаҳолат тўфонида йўл кўрсатадиган маънавий маёқдир.

Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар бугунги информацион майдонда тарқалаётган ёлғон маълумотлар, нотўғри диний талқинлар ва экстремистик чақириқлар ёшлар онгига жиддий хавф солаётганини таъкидлаб, бундай таҳдидларга қарши фақат тўғри билим, танқидий тафаккур ва ишончли манбалар самарали қалқон бўла олишини уқтирдилар.

Учрашув давомида талабаларга аждодларимизнинг илм-маърифатга бўлган юксак муносабати, соғлом мафкуранинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.  

Шу билан бирга, ёшларнинг мустақил фикрлаши, маълумотларни танқидий таҳлил қилиши ва тўғри хулоса чиқариш қобилиятини ривожлантиришга оид амалий тавсиялар ҳам тақдим этилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири