Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида “Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида экстремизм ва терроризм мафкурасига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида “Маънавият ва маърифат” дарси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги олдидан, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбир видеоконференцалоқа орқали ўтказилиб, унда бошқарма туман бўлимларининг шахсий таркиби ҳам фаол иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши кураш бошқармасининг катта тезкор вакили Равшан Эшмирзаев иштирок этиб, ҳарбий хизматчиларга экстремизм ва терроризмнинг замонавий кўринишлари, уларнинг ёлғон ғоялари ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қандай тарзда кураш олиб борилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди.
Дарс чоғида бошқарма раҳбарияти томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш каби амалий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғига мувофиқ, бир қатор ҳарбий хизматчилар янги лавозимларга тайинлангани эълон қилинди.

Албатта, бундай дарслар нафақат билим бериш, балки ҳарбий хизматчилар онгида юксак фуқаролик масъулияти ва ғоявий барқарорликни шакллантиришда муҳим ўрин тутди. Зеро, мамлакат мустақиллиги ва халқ тинчлиги аввало онгли, маърифатли ва юртига садоқатли фуқароларнинг хизматлари орқали таъминланади.
Тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири