Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маърифат ва эзгулик улашиб
17:35 / 2024-10-23

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, олий ўқув даргоҳлари, мактаб ва маҳаллаларда “Маърифат улашиб” лойиҳаси муваффақиятли ўтказилмоқда. Пойтахтимиздаги Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ҳам “Маърифат улашиб” лойиҳаси қизғин ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Лойиҳа давомида талаба-ёшлар, ушбу олий ўқув даргоҳининг педагогик жамоаси атоқли шоира, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Фарида Афрўз, шоир ва ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Истиқлол тонги” мукофоти соҳиби, Турон Фанлар академияси академиги Муҳаммад Исмоил ҳамда бугунги кунда ёшлар орасида ўз асарлари билан машҳур бўлган адиб, “Келажак бунёдкори” давлат мукофоти совриндори Жавлон Жовлиев билан учрашиб, уларнинг мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари, миллий адабиётимиз, она тилимиз, китобхонликка бўлган эътиборига доир фикрларидан баҳраманд бўлди.

Ижодкорлар дастлаб Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти фаолияти, унда талабаларнинг тўлақонли таълим олиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. 2021 йилда ташкил этилган ушбу олий ўқув юрти фармацевтика, саноат фармацевтикаси, даволаш иши, тиббий профилактика каби йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга эътибор қаратмоқда.

–Мазкур олий таълим даргоҳи мамлакатимизнинг фармацевтика бўйича юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этилган, – деди ушбу олийгоҳнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Камолиддин Исмоилов. – Агар истиқлолгача мамлакатимизда бор йўғи биттагина фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда улар сони 200 га етди. Бу эса соҳа учун юқори билим ва малакага эга бўлган мутахассисларга эҳтиёж катта эканини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув даргоҳида талабаларнинг бўш вақтини унумли, мазмунли ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда “Маърифат улашиб” каби ижодий лойиҳаларнинг аҳамияти катта  бўлмоқда.

[gallery-19944]

Ёшларнинг ижодкорлар билан учрашуви қизғин, самимий руҳда кечди.  

–Бу учрашувимиз мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми  берилганининг 35 йиллиги кенг нишонланган шундай қутлуғ кунларда ўтказилмоқда, – деди таниқли шоир ва адиб Муҳаммад Исмоил. – Бундай учрашувлар давомида шуни англаш мумкинки, ижодкорлар билан мулоқотлар ёшларимизнинг маънавий камолоти учун ғоят зарур экан. Ёшларнинг она-Ватанга муҳаббат, илмга, китобга, ҳаётга бўлган қизиқишининг янада кучайишида бу каби учрашувларнинг ўрни беқиёсдир. Мамлакатимизда адабиётга, китобхонликка қаратилаётган улкан эътибор сабабли ҳам зиёли инсонлар сафи муттасил ортиб бормоқда. Жон тилимиз – она тилимиз Маҳмуд Қошғарий, Яҳмад Яссавий, Алишер Навоий каби улуғ алломаларнинг асарларидан қувват, илдиз олган. Шу сабабли ёшларимизнинг миллий ғурури баланд, она тилига ҳурмат ва эҳтироми чексиз бўлишини истардик.  

Ёш, истиқлолга тенгдош адиб Жавлон Жовлиевнинг талабалар билан учрашуви китобхонлар қуршовидан, уларнинг муаллиф китобига дастхат ёзишга ундовидек завқли, мароқли жараён билан бошланиб кетди. Учрашув давомида ёзувчи “Қўрқма” романининг яратилиши сабаби, асар тарихи хусусида мухлисларга батафсил сўзлаб берди.     

–  Талабалик йилларимда “Келажак ёшлар қўлида” деган гапларни кўп эшитардим, – деди Жавлон Жовлиев. – Лекин бу келажак қайси ёшларнинг қўлида, улар қандай келажакнинг ворислари бўлиши мумкин, деган фикр хаёлимдан кетмасди. Буларнинг бари бундан юз йиллар аввал юртимиздан Германияга илм истаб бориб, ўз Ватанини тараққий эттириш орзусида бўлган ёшлар ҳақида асар ёзишга ундади. Ўша даврда ёшлар мен хорижда таҳсил олиб, Ватанимга қайтиб келаман ва ўз юртдошларимни турли касалликлардан халос этаман, деган фикр жадид боболаримиз, хусусан, Хайринисо Мажидхонованинг ҳам энг эзгу нияти эди. Афсуски, мустабид тузум илмга чанқоқ ёшларнинг орзулари билан бирга уларнинг ўзларини ҳам ҳалок этди. Бугунги ёшларимиз ўқиш, изланиш орқали ўз ҳаётини, жамиятни ижобий маънода ўзгартиришга тайёр бўлишлари керак, деб ўйлайман.

Учрашув давомида талабалар ижодкорларнинг шеърларидан намуналар ўқидилар, асарларидан театрлаштирилган саҳна кўринишларини намойиш қилишди.  

Бундай самимий учрашувлар “Увайсий” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида ҳамда 258-мактаб ҳудудида ҳам бўлиб ўтди. Тадбир давомида “Яшил макон” умуммилий  лойиҳаси доирасида ёзувчи ва шоирлар институт ҳовлисига кўчатлар ўтқазишди.  

Ёшлар иштирокида бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди. Ижодкорлар талабаларга ўз китобларидан туҳфа этди.  

Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА