Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги 7-сонли умумтаълим мактабида аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, оилавий ўқиш анъаналарини мустаҳкамлаш ва ижобий дунёқарашни шакллантиришга қаратилган “Бир маҳалла — бир китоб” лойиҳаси доирасида “Яхшилик улашамиз” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида бир қатор қизиқарли фаолиятлар ташкил этилди. Шоирлар билан учрашувлар, бадиий китоблар кўргазмаси ва савдоси, ота-оналар томонидан фарзандларига китоб совға қилиш, “Сиз бу китобни ўқиганмисиз?” шиори остидаги “Заковат” интеллектуал ўйини, шеърхонлик ва саҳнавий чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.



Тадбирда шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, маҳалла фаоллари, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Тоҳир Самиев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Давлат Турсун, фаол ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

– Янгиерда ўтказилаётган “Бир маҳалла — бир китоб” лойиҳаси доирасидаги бундай тадбирлар ёшларда китобга муҳаббат ва билимга чанқоқликни оширади. Китоб — инсоннинг энг ишончли дўсти, тафаккурни бойитади, руҳни юксалтириб, эзгуликка етаклайди. Қувонарлиси, сўнгги йилларда ёшлар орасида китобхонликка қизиқиш сезиларли даражада ошган. Бугунги тадбирнинг асосий мақсади ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади, – деди Тоҳир Самиев.

Шунингдек, “Болага китоб беринг” акцияси доирасида болаларга бадиий асарлар тақдим қилинди. “Энг яхши китобхон оила” танлови ғолиблари аниқланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири