Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ижодий учрашувлар ўтказилди
09:36 / 2025-11-25

Шу кунларда юртимиз олий таълим муассасалари талабаларини китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий саводхонлик даражасини ошириш орқали уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тадбир ёш авлодни миллий адабиётимизга оид янгиликлар, ижод аҳлининг янги асарлари билан таништиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Маърифат улашиб” лойиҳасининг қизиқарли мулоқот ва тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам ушбу лойиҳа доирасида таниқли ижодкорлар – Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва ёзувчи Норқобил Жалилов ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зилола Хўжаниёзова ташриф буюрди.

Самимий суҳбат давомида Академия масъуллари келгусида ижодкорлар иштирокида махсус дарслар, ижодий давра суҳбатларини ташкил этиш талабалар учун фойдали бўлиши, уларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Таниқли ижодкорлар иштирокидаги “Маърифат улашиб” маънавий-маърифий тадбирлари пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 1, 24- ҳамда 242-умумтаълим мактабларида давом этди.  

Давра суҳбатида ижодкорлар томонидан бугунги адабий жараён, давлатимиз раҳбари томонидан шоир-ёзувчиларга яратилаётган эътибор, шароитлар ҳақида сўз юритилди. Юртимизда ёш авлоднинг таълим олиши, истеъдод ва иқтидорларини намоён этишлари учун яратилган шароитларга тўхталиб ўтилди.

Учрашувда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон болалик хотиралари, ижодий жараёнлар ҳақида сўз юритиб, Ватан, истиқлол, пок инсоний туйғулар акс этган шеърларидан намуналар ўқиб берди.  

“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида талаба-ёшларда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, ёш авлодни китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш мақсадида “Китоблар кўргазмаси” ҳам ташкил этилди.

Бу каби учрашувлар ёшлар ҳаётида унутилмас бўлиб қолиши,  маънавий-маърифий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилиши таъкидланди.  

Н.Усмонова, ЎзА