Юртимиз бўйлаб “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида жамоатчилик вакиллари, ижодкорлар, маърифат аҳли, депутат ва сенаторлар учрашувлари анъанавий йўлга қўйилган.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам бўлиб ўтди. Учрашув меҳмони Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов ёшлар билан самимий суҳбат қурди. Сенатор ўз нутқида куни кеча мамлакатимизда ўтказилган Марказий Осиё раҳбарлари учрашувида янграган ташаббуслар, бу йиғиннинг минтақадаги муҳим аҳамияти, барқарорлик ва тараққиёт масалалари ҳақида фикр юритди.

Шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг очилиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширгани, ёш авлоднинг тарихий меросни чуқур ўрганишига замин яратаётганини алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, ёшларга қаратилган бундай эътибор ва меҳр – келажакка қўйилган энг муҳим инвестициядир.
Учрашув давомида талабалар меҳмон ижодкорларнинг шеърларидан ёд олиб, уларни бадиий маҳорат билан ижро этишди. Ёшлар тайёрлаган тақдимотлари, адиблар асарлари ҳақидаги изланишлари ҳам эътирофга лойиқ бўлди. Бу эса ёш авлоднинг адабиётга бўлган қизиқиши, мустақил фикрлаши ва ижодий ёндашувини намоён этди. Ижодкорлар эса ўз навбатида, талабаларга китобларидан намуналарни эсдалик сифатида тақдим этиб, уларни янада кўпроқ ўқишга, изланишга ундади.

Бадиий учрашувда талабалар ўз фикрлари, шеърлари ва ижодий намуналари билан ҳам қатнашиб, очиқ мулоқотга киришди. Учрашувнинг яна бир аҳамиятли жиҳати — “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирининг ўтказилганидир. Бу нафақат маънавий, балки экологик тарбиянинг ҳам ёшлар онгига сингдирилаётганининг яққол далили бўлди. Маърифат, китоб, ижод ва табиатга меҳр уйғун ҳолда кечган мазкур тадбир атроф-муҳитни асраш маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Избоскан туманининг Бештарак МФЙ ҳудудидаги 7-умумий ўрта таълим мактабидаги учрашувни юқоридаги маънавий-маърифий учрашувнинг давоми дейишимиз мумкин. Мактабга ижодкорларнинг ташриф буюриши ўқувчилар учун катта байрамга айланди.
Ижодий тадбир жараёни ўқувчиларнинг Давлатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан табриклари билан бошланди. Ёшларнинг рамзларга бўлган ҳурмати ва эътибори бундай маънавий тадбирларнинг тарбиявий аҳамиятини янада оширди.
Шоир ва ёзувчи Қамчибек Кенжа, Сенат аъзоси, адиб Абдусаид Кўчимов иштирокидаги мазкур тадбирда меҳмонлар ижодий жараён, адабий қарашлар ва маърифатнинг, маънавиятнинг ҳаётдаги ўрни ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Ёшлар учун юртимизда бугун барча йўналишда кенг имкониятлар яратилгани, фақат ўқиш, изланишгина келажакни равнақ, мамлакатни янада фаравон қилишини таъкидлашди.

Меҳмонлар учун мактабнинг миллий бурчаги, шунингдек, ўқувчилар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган кўргазмалар намойиш этилди. Ушбу кўргазмалар ўқувчиларнинг нафақат илмий, балки бадиий-эстетик қобилиятларини ҳам ривожлантиришга қаратилган изланишлари борлигини кўрсатди.
Андижон вилоятининг турли масканларида бўлиб ўтаётган бундай учрашувларнинг барчаси умумий мақсадга хизмат қилади. Яъни маърифат, адабиёт ва миллий қадриятлар орқали ёшлар онгида юксак тафаккур, ижодкорлик ва Ватанга меҳр туйғуларини кучайтиришдир.
Дилдора Дўсматова, ЎзА