Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маърифат улашиб” лойиҳаси давом этмоқда
15:56 / 2024-10-12

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ёш авлод орасида адабиётни кенг тарғиб этиш ва китобхонлар жамиятини шакллантириш мақсадида ўтказилиб келинаётган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нормурод Норқобилов, Ўроз Ҳайдар иштирокида адабий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда адиблар талаба ёшлар билан самимий мулоқот қилар экан, ўз ижод йўллари, бадиий асарнинг яралиши, адабиётнинг жамият маънавиятида тутган ўрни, китобхонлик маданиятини юксалтириш юзасидан қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

Дарҳақиқат, инсоннинг инсонлигини белгиловчи муҳим омиллардан бири, бу унинг гўзал туйғуларидир. Агар инсонда туйғу бўлмаса, қуёш ҳароратсиз, табиат рангсиз, тириклик эса руҳсиз кўриниш беради гўё. Нормурод Норқобилов асарлари орқали инсон ички дунёсининг турли рангларига теран нигоҳ ташлай оласиз ва она табиатнинг сир асрорлари қаршисида ҳайрат туясиз.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида туғилиб ўсган адиб узоқ йиллар республика телевидениеси ва газета таҳририятларида ишлаб, юзлаб ҳикоя, қиссалари ҳамда “Қорақуюн” романини яратган, шунингдек, болалар ҳақидаги ҳикоялари ўзбек, қирғиз, қозоқ мактаблари дарсликларига киритилган.

[gallery-19724]

Қашқадарёнинг яна бир ижодкори – чироқчилик Ўроз Ҳайдар эса ўзбекона сонетлари билан китобхонлар қалбини эгаллаган. Бир вақтнинг ўзида миллий ва умуминсоний туйғуларни қамраб олувчи мазкур назмий асарлар дилларни дилларга боғлаб, турли миллат вакилларини бир-бирига яқинлаштиради. Инсонни борлиқни, ўзлигини англашга йўл кўрсатади. Ҳақиқий адабиётнинг вазифаси ҳам шу аслида.    

Адиблар дастлаб Навбаҳор туманидаги Қалқонота ва Учтут қишлоқлари аҳолиси, хусусан ўқувчи ёшлар билан учрашди. Адабий суҳбатлар давомида адиблар ёшларга адабиёт, шеърият, китобхонлик ҳақида ўз умр йўллари ва бой ижодий тажрибаси асосида гапириб беришди. Мактаб дарсликларидан ўрин олган ҳикоя ва шеърлар муаллифлари билан мулоқот ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, адиблар ўз асарларидан парчалар ўқиб, ёшларнинг ижодий машқларини тинглади, уларга керакли тавсиялар беришди.  

– “Маърифат улашиб” ниҳоятда зарур ва керакли лойиҳа, – дейди ёзувчи Нормурод Норқобилов. – Анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур лойиҳа бугун ўз самарасини беряпти. Бугунги учрашувларда барча тингловчилар, ёшлар ва катталар ҳам ёзувчи ҳамда шоирларга ниҳоятда интиқлигини сездик. Биз ҳам ўз навбатида уларга муштоқмиз. Адабий давралар кўпайса, албатта, ижод аҳли ва халқ ўртасида меҳр уйғонади, адабиётга яқинлик пайдо бўлади. Бу ҳазилакам ютуқ эмас, аслида! Ҳар бир киши жон куйдириши ва чин дилдан иштирок этиши керак бўлган лойиҳа.

Университет ҳовлисига адиблар ва ёшлар биргаликда ниҳоллар ўтқазаркан, бу ўзига хос рамзийлик касб этди.  

Катта анжуманлар залида ўтказилган тадбирда адиблар ижод йўли ёритилган фильм намойиш этилди. Шундан сўнг, адиблар ва бир гуруҳ ижодкорлар ижоднинг сеҳрли олами ҳақида фикрлар билдирди. Университет раҳбарияти эса ижодкорларга ташриф учун миннатдорчилик билдираркан, лойиҳа ёш авлод, умуман жамиятни адабиёт билан яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этаётганлигини қайд этди.  

– Фикрлаётган одам бу – яшаётган одам, – дейди шоир Ўроз Ҳайдар. – Яшаётган одам эса ўзини ислоҳ қилади, ҳар бир ишини ҳисоб-китоб қилади. Яъни, у ўзини тарбияловчидир. Ана шундай тафаккур тарзи – мураббийликнинг олий мақомини қалбига жойлаштира олган инсонгина ҳаётнинг ҳар қандай тўсиғини еча олади. “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасидаги учрашувларда айни шу жиҳатларга, ёшлар қалбида адабиётга меҳр уйғотишга, уларнинг маънавий дунёсини бойитишга, бадиий тафаккурини шакллантиришга ҳамда ҳаётнинг аччиқ-чучугида ҳамиша тўғри йўлни топа билишда китоб ва китобхонликнинг аҳамиятини англатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай адабий анжуманларнинг миллат тарбиясида аҳамияти катта.

Университет талабалар турар жойида ҳам ижодкорлар иштирокида мушоира кечаси ўтказилиб, қизғин ва самимий руҳда ўтган адабий даврада талабалар ўзбек шеърияти вакилларининг ижодидан намуналар ўқиди.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари