Бухоро давлат техника университетида “Маърифат улашиб” лойиҳаси асосидаги учрашувда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр жамоаси ўзларининг бадиий чиқишлари билан талабалар ва профессор-ўқитувчилар қалбига қувонч ва илҳом улашди.
Саҳна асарлари ва мусиқий чиқишлар нафақат томошабинларни ҳайратга солди, балки уларни маънавий бойлик ва санъат оламига етаклади. Ушбу учрашув ёшларнинг ижодий тафаккурини кенгайтириш, эстетик дидини шакллантириш ва санъатга меҳрини янада кучайтиришга хизмат қилди.

Тадбир давомида университет ректори Садоқат Сиддиқова меҳмонларни самимий кутиб олиб, улар томонидан ёшларга улашилаётган маънавий бойлик ва санъат асарлари учун ўз миннатдорлигини билдирди.

– Аввало,бугунги тадбир ёшларнинг қалбида ижодга меҳр уйғотди, санъатнинг тарбиявий кучини чуқур ҳис этишга ёрдам берди. Муқимий номидаги мусиқали театр жамоасининг чиқишлари жуда самимий, таъсирчан ва ўзига хос бўлди. Бу лойиҳа нафақат билим, балки руҳий бойлик ҳам улашмоқда. Ёшларимиз илм билан бир қаторда, миллий санъат, маданият ва маънавият билан чамбарчас боғланиб улғайишлари зарур. Чунки ҳар бир билимли инсоннинг қалбида мустаҳкам маънавий пойдевор ҳам бўлиши керак. “Маърифат улашиб” лойиҳаси ана шу юксак мақсадларга хизмат қилаётганини бугун яна бир бор кўрдик. Биз санъаткорлар, ижод аҳли ва маърифат тарғиботчилари билан доимий ҳамкорлик қилишни ният қилганмиз. Чунки ёшларимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятни юксалтиришда бундай учрашувлар катта аҳамиятга эга. Келгусида ҳам бу каби тадбирларни кўпроқ ташкил қилишни режалаштирганмиз, – дейди Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова.

– Ижодий учрашув жуда ажойиб бўлди, – дейди Бухоро давлат техника университети талабаси Акбар Азаматжонов. – Машҳур санъаткорларни саҳнада яқиндан кўриш, уларнинг чиқишларини тинглаш биз учун катта илҳом беради. Аввало, санъат инсон қалбини бойитади. Биз фақат дарсларда эмас, мана шундай учрашувларда ҳам ўзимизни руҳий жиҳатдан ўстирамиз. Бу эса ижодкорлик ва янги ғоялар учун катта туртки беради. Бу лойиҳа ёшлар учун жуда зарур.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.