Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари Шофирконда
10:22 / 2023-04-07

Юртимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, уларнинг натижадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини янада кучайтириш, уларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаш, фуқароларимизнинг онгу тафаккури, дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида жойларда “Маънавият фестивали” доирасида “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтмоқда. Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ўтказилган навбатдаги тадбир ҳам барчада ёрқин таассурот қолдирди.  

 Ёшлар маънавиятини юксалтиришдек эзгу мақсадни кўзловчи мазкур тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари — филология фанлари номзоди Олим Тошбоев, филология фанлари номзоди, доцент Музаффар Ортиқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Сайёра Тўйчиева, туман ҳокимлиги мутасаддилари, Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон туман бўлинмаси, тегишли ташкилотлар ходимлари ҳамда Калон ҳамда Жўйнав маҳаллалари фуқаролари иштирок этди.  

Иштирокчилар томонидан Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси, ундаги ўзгаришлар ва уларнинг аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши ҳақида фикрлар билдирилди.  

– Янгиланаётган Конституциямиз фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли таъминланишига хизмат қилиши шубҳасиз. Бугун барча соҳаларда олиб борилаётган ишлар юртимиз тинчлиги ва равнақига ҳисса қўшади. Биз мустақил тараққиётимиз даврида иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда қандай улкан ютуқларга эришган бўлсак, уларнинг барчасига Конституциямиз ва қонунларимизга оғишмай амал қилганимиз туфайли эришдик. Бу эса мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигининг амалдаги ифодасидир. Шундай экан, ўз ҳуқуқ ва эркинликларимиз қонуний асосига бефарқ бўлмаслигимиз шарт ва бефарқ эмасмиз, – деди филология фанлари номзоди Олим Тошбоев.  

Маҳалла зиёлилари, отахон ва онахонлар, ёшлар, қолаверса, жамоатчилик вакиллари олдимизда турган муҳим сиёсий жараён, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.  

Фестивал доирасида юртни, инсоний туйғуларни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.  

 

Дилором ҒАФФОРОВА,  

Республика Маънавият ва маърифат маркази  

Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари  

ЎзА