Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Маърифат соати»: инсонлар ўз қадрини англай бошлади
12:25 / 2021-06-07

Сирдарё вилояти адлия бошқармасида «Маърифат соати» тадбири ўтказилди.

Унда Гулистон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Қўзибой Абдуллаев ва меҳнат фахрийси Нуриддин ота Латипов иштирок этди.

Мулоқотда «Тўй, оилавий тантана ва дафн маросимларини ўтказишнинг мезони қандай?» мавзуси муҳокама қилинди.

Биз орзу ҳавасли халқмиз. Яхши ниятлар билан фарзанд ўстирамиз, тўй қилай, халққа ош берай, деймиз. Баъзан орзу ҳавасларимиз ўрнини манманлик, кибр эгаллаяпти. Тўйни дабдабага айлантириб юбораяпмиз.

2019 йилнинг 14 сентябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарори тўй ва маъракалардаги ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш мақсадига қаратилди.

– Том маънода, ҳаётимиз, инсоний муносабатларимиз, фарзандларимиз камолига дахлдор бўлган ҳар бир масалани қонуний асосда ҳал қилишимиз лозим, – дейди Қўзибой Абдуллаев. – Негаки, қонун бор жойда – тараққиёт, демократия, эркинлик бўлади. Мазкур ҳужжат миллий маънавиятимизга, ҳаётимизга таъсир кўрсатадиган тўй, маърака ва маросимларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

– Ҳарқалай, охирги пайтларда тўй-тантаналар, дафн маросимларини ўтказиш анча тартибга келиб келиб қолди, – дейди меҳнат фахрийси Нуриддин Латипов. – Тўғрироғи, инсонлар ўз қадрини англай бошлади. Икки томон ўзаро келишиб, тўй харажатлари қисқартирилмоқда, ўрнига янги, ёш оила учун мебель ёки бошқа жиҳозлар харид қилинмоқда. Буни энг тўғри танлов деб биламан.

Тадбирда тўй тантаналари ва дафн маросимларини ташкил этишда маҳалланинг роли, бу борада аҳоли саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг долзарблиги, тантана, маросимларни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлашдаги мураккабликлар, фуқаролар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ҳақида сўз борди.

Дилноз Умурзоқова,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бўлим

Бошлиғи

ЎзА