Андижон вилояти мусиқали драма театрида “Маърифат майдони” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган танловнинг вилоят босқичида олий ўқув юртлари талабалар жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Танловда Андижон давлат техника институтининг “Маориф юлдузлари”, Андижон давлат университетининг “Зиёкор”, Андижон давлат чет тиллари институтининг “Қодирий издошлари”, Андижон давлат педагогика институтининг “Тараққий” жамоалари адабиётимизнинг улуғ сиймолари, жадидлар асарларини қай даражада билиш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид саҳна кўриниши ҳамда савол-жавоб шартлари асосида ўзларининг билим ва салоҳиятларини намойиш этди.
[gallery-27690]
Жамоаларнинг чиқишлари адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танлов натижаларига кўра, Андижон давлат педагогика институтининг “Тараққий” жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг минтақавий босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танлов ғолиб ва иштирокчилари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу каби танловлар ўзбек адабиётининг ёрқин сиймолари, жадидлар ҳаёти, фаолияти, бетакрор асарлари, илмий-ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, талаба ёшларнинг бу борадаги билим ва тафаккурини юксалтириш хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.