Маҳалла ҳақида сўз кетганида, қадриятлар бешиги, болалигимизнинг гўзал хотиралари кечган жой кўз олдимизга келиши табиий. Бугун давр тараққиёти ва ислоҳотлар натижасида маҳаллаларимиз тобора чирой очмоқда. Замонавийлик асосида илдамлаётганимиз яхши, аммо маҳалладаги мавжуд инсонийлик қадриятларидан чекинмаган, улардан узоқлашмаган ҳолда боришимиз янада муҳим. Ўзгариб бораётган дунё тамаддунида бизни қутқаргувчи ягона халоскор, бу – маърифатдир. Катта авлод ва ўсиб келаётган авлод вакиллари қалбига менталитетимизга хос қадриятларни ниҳолдек қадамоққа улгуришимиз жоиз.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан соҳалар ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, аниқ мақсадга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиб борилмоқда. Жойларда «Маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этишда маърифат тарғиботчиларининг роли» мавзусидаги ўқув-семинарлари бўлиб ўтаётгани бунинг яққол далили бўла олади.
Маърифат тарғиботчилари ўз ҳудудидаги ҳар бир хонадонга ўқув-семинарларида олган назарий ва амалий кўникмалари – маърифат технологияси билан кириб бормоқдалар.
Тарғиботчилар шунчаки танлаб олинмайди. Улар маҳалланинг кайвониси, ўз сўзига эга ҳурматли инсонлари, демак. Аҳолига бегонанинг сўзидан кўра кўпроқ маҳалланинг нуфузли, кайвони инсонларининг таъсири кўпроқ.
Давлатимиз раҳбари "Маҳаллалар – давлатимизнинг энг катта замини", деб таъкидлаганлари ҳам бежиз эмас. Биламизки, ҳар бир маҳалланинг узоқ ва шонли тарихи, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаёти, маданий мероси мавжуд. Буни айнан маърифат тарғиботчилари ҳар бир оилага, фуқарога бугунги кун ёндашувлари асосида англата олиши керак. Тарих, қадриятларга ҳурмат, ўзаро ҳамжиҳатлик, Ватанга садоқат тушунчалари ва бу туйғуларни барчага англатмоқ – ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани.
Бу тизимни босқичма-босқич ривожлантириш орқали, инсонларда дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга эришилади. Мисол тариқасида яқинда Наманганнинг Уйчи туманида бўлиб ўтган ўқув-семинарларида ҳам юрт тақдирига бефарқ бўлмаган нигоҳлар кўзга ташланди. Фарғонадаги ўқув семинарларида эса ёш бўлсада, тенгдошларига миллий қадриятларимиздан узоқлашмаган ҳолда, замонавий методлар асосида таклиф бераётган тарғиботчиларни кўрдик. Бу борада медиа платформага эҳтиёж жуда катта.
Яна бир мисол, Термиз шаҳрида Сурхондарё тажрибаси мисолида «Маънавият сектори»ни ташкил этиш бўйича республика семинари бўлиб ўтди. Унда вилоятлардаги маънавият бўйича масъуллар ўзларига керакли ва амалиётга татбиқ этишлари шарт бўлган вазифалар ҳақида билиб олишди. Кейинчалик балки бундай яхши тажриба барча вилоятларда ташкил этилиши ва ўша ҳудуд инсонларининг иқтисодий турмуши билан биргаликда маънавий ҳаётини ҳам юксалтириб бориш мумкин.
«Маънавият сектори»ни ташкил этиш, бу илм-фан, таълим ва тарбия, маънавиятга қаратилган юксак эътибордир. Барчамизга аёнки, маънавий тарбия ва маънавият етакчи бўлмас экан, ёшлар тарбияси, жамият муҳитида кўп нарсани ютқазиб қўямиз. Маънавият кирмаган, қадриятлар шаклланмаган, маданият, тарбия не эканлигини билмаган миллат таназзулга юз тутади.
Бугун ўқув-семинарларида иштирок этаётган маънавият тарғиботчиси ўз ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашдаги асосий етакчи кучга айланмоғи лозим.
Бунинг учун эса аввало оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш орқали ёшларга алоҳида эътибор қаратиш муҳим.

Маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш ҳамда бой қадриятларимизни асраб-авайлаш, китобхонликни янада ривожлантириш каби ишларнинг ҳам самараси юқори бўлади.
Миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, аҳоли ҳамда ёшларда ислом дини ва фалсафасига, бошқа диний конфессияларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ва бағрикенглик руҳини шакллантиришнинг ҳам ўзига хос устуворлиги мавжуд. Айниқса, ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш ҳамда ғоявий курашчанликни шакллантириш бугунги кун маънавият тарғиботчисининг асосий вазифасига айланмоғи шарт.
Бугун дунёда содир бўлаётган нохушликлар илдизини ҳам маънавий қашшоқликнинг натижаси сифатида кўришимиз мумкин. Қаерда қулай шароит бўлса, шу ерни Ватан деб билмоқ тубанликдир. Мана шундай таҳликали туйғулар ёшлар онгига кириб, тубанлашувига, манқуртга айланмаслигига бирдан-бир йўл – тарғиботнинг таъсирчан усулларидан фойдаланишдир.
Инсоният яралибдики, унинг кўз очиб кўрган гўшаси, халқона тилда айтсак, бозори ҳам, мозори ҳам шу Ватандир. Маҳалла эса Ватан ичра кичик бир Ватан. Зиёлилар уйғонса, миллат уйғонади. Бу борада ҳар бир ҳудудга ушбу ўқув-семинарлари орқали кириб бориб, ўзига хос услуб ва тавсияларни бераётган олимларимиз, ўйлаймизки, кенг кўламдаги ислоҳотлардан четда турмайдилар. Янгидан-янги услуб ва тавсиялар билан Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудидаги ҳар бир маҳаллага кириб борамиз. Зеро, Ўзбекистон умумий уйимиз, унинг бугуни ва эртаси ўзимизга боғлиқ.
Маҳфузахон ЙЎЛДОШЕВА,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, (PhD) доцент,
«Маърифат тарғиботчилари» жамияти аъзоси.
ЎзА