Дунё олимлари Ўзбекистонни Шарқ маданияти ўчоғи, деб таърифлайдилар. Наинки Шарқ, балки бутун дунё тамаддунида ўзбек илм-фан ва маданиятининг ўрни алоҳида аҳамиятли.
Бу борадаги илмий-амалий изланишлар халқимизнинг маънавий оламини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз. Шу мақсадда, “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида ташкил этилган “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирларига старт берилди.
Турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар ўрганилади ва жамланади
Фаровон ҳаётнинг асл асоси илм ва маърифатдир. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, “Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур”, деб таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган мажмуа тарихимизда илгари бўлмаган улкан ва ноёб мегалойиҳа ҳисобланади.
Шу билан бирга, халқаро илмий жамоатчилик томонидан “Шарқ уйғониши” даврида Ўзбекистон ҳудудида яшаган буюк олимлар ва мутафаккирларнинг бой маънавий меросини тарғиб этишга қаратилган бўлиб, марказ мамлакатимиз тарихи ва маданияти, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини асраб-авайлаш ва бойитиш, шу асосда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, жамиятнинг моддий ва маънавий тараққиётига ҳисса қўшиш муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Андижон, Фарғона вилоятларида тадбирлар қизғин давом этмоқда.

— Республикамиз бўйлаб ўтаётган тадбирларда фуқаролар фаол иштирок этишмоқда, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Азимжон Ғофуров. – Улар ўзларининг саволлари билан лойиҳага қизиқиш билдирмоқда. Бундан билиш мумкинки, улар Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бефарқ эмас. Учрашувларда бу муҳташам бино ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.
“Фаровон ҳаётга илк қадам” лойиҳаси доирасида Zoom платформаси орқали “Олимлар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди. Унда Франциядаги Aix-Marseille университети тарих йўналиши докторанти Феруза Махмасобирова билан “Европада таълим: грандлар ва имкониятлар” мавзусида суҳбат уюштирилди.
Мулоқотда олимлар ўз илмий ва ҳаёт тажрибалари билан ўртоқлашишди. Ёшларга грант лойиҳалар, ўқиш жараёнлари ҳақида ўз билим ва кўникмаларини тингловчиларга етказишди.
Тадбиркорлар эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, ундаги тўсиқларни енгиш, меҳнат интизомини йўлга қўйиш ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдиришди.
Илмий-инновацион ғоялар акси
Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган бу галги “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” илмий-инновацион, маданий-маърифий тарғиботига олимлар, зиёлилар, диний-маърифий ҳамда маданият ва санъат соҳаси вакилларидан иборат юзга яқин тарғибот гуруҳи аъзолари жалб этилган бўлиб, 3 йўналишга бўлинган ҳолда ташвиқот ишларини амалга оширмоқда.
Дастлабки йўналишда “Цивилизациялар – Шахслар – Кашфиётлар” оламшумул ғояси асосида олимлар томонидан тайёрланаётган илмий-инновацион лойиҳалар тақдимотлари, амалий семинар-тренинглар ташкил этилади.
Иккинчи йўналишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўнта махсус бўлим: Исломгача бўлган давр, Қуръони карим зали, Биринчи Ренессанс ва Иккинчи Ренессанс даври, Хонликлар даври, Амир Темур ва Темурийлар бўлими, Ўзбекистон XX асрда, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” ва Кутубхона каби бўлимлар экспозициясини такомиллаштириш юзасидан тақдимотлар қилинади.
Учинчи йўналишда буюк аждодларимизнинг маданий меросларини кенг тарғиб этиш, аҳоли орасида ижтимоий фаоллик кўникмаларини кўчайтириш мақсадида “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида киноижодкорлар иштирокида миллий кинофильмлар намойиши бўлиб ўтади.
“Маърифат карвони” халқимизнинг ижтимоий фаоллигини оширади
Ҳудудларда ташкил этиладиган тадбирларда ҳар бир лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига оид қўлланмалар иштирокчиларга тақдим этилиб, махсус фильмлар ва тарғибот роликларининг намойишлари ўтказилади.
Жумладан, “Фаровон ҳаёт сари илк қадам” лойиҳаси, “Олимлар ва ёшлар учрашуви”, “Ижтимоий ғоялар форуми”, “Инсон қадри” каби бир қатор ижтимоий лойиҳаларда маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, учрашувлар, очиқ суҳбатлар ўтказилади. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, оғир хасталик билан курашаётган беморлар ҳолидан хабар олинади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, вилоят онкология диспансерлари, шунингдек шифохоналарда даволанаётган болалар, ногиронлиги мавжуд фуқоролар хонадонига зиёлилар ташрифлари уюштирилади.
– Биз маънавият ва маърифат тарғиботлари орқали янги даврнинг янги одамини, Янги Ўзбекистоннинг янги дунёқарашга эга фуқаролари онгини шакллантиришни асосий вазифамиз деб биламиз. Тадбирнинг асл мақсади ҳам шу, – деди сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, профессор, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Нарзулла Жўраев.
Мазкур тадбирлар Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 29 май - 8 июнь кунлари ўтказилади.
Н.Усмонова,
ЎзА