Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остида “Маърифат карвони” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, профессор Нарзулла Жўраев, шоир Бобур Бобомурод, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, шунингдек, олимлар, маънавият тарғиботчилари, педагоглар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини биргаликда ижро этдилар.
Шундан сўнг, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарлари Ватанимиз мадҳияси ва унинг тарихи, келажак авлод олдидаги бурч ва масъулият ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Марказ фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Таъкидланганидек, Давлат мадҳияси ҳар бир мамлакатнинг мустақиллиги, куч-қудрати, тарихий қадриятлари ва маънавий дунёсини акс эттиради. 1992 йилда миллатимизнинг бош қўшиғи, мадҳиямиз қабул қилинган эди. Шундан буён давлат мадҳияси Ватанимиз озодлиги, фаровонлигининг ифодаси сифатида янграб келмоқда. Бу бетакрор таронани тинглаганда беихтиёр қалбимизда ғурур, ифтихор, юрт тақдири учун дахлдорлик каби туйғулар жуш уради. Мадҳиямизнинг ҳар бир сатри мустақил Ватанимизнинг маълум бир қиррасини намоён этади. Унда она- диёримизнинг гўзал табиати, халқимизнинг азалий қадриятлари, қадимий ва бой тарихимиз, бугунги кун ва буюк келажагимиз тараннум этилади. Зотан, ҳар биримиз бу қўшиқни дилда сақлашимиз, меҳр ва муҳаббат ила куйлашимиз, авайлаб асрашимиз зарур.

–Бугунги кунда пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар якунига етмоқда, – деди Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Шу пайтга қадар Президентимиз бир неча маротаба Ислом цивилизацияси марказининг лойиҳалаш ва қурилиш ишлари билан танишиш учун ташриф буюрдилар. Марказнинг муҳташам биносини сифатли ва мазмунли контент билан тўлдириш ҳар биримиздан алоҳида масъулият талаб этмоқда. Шу боис бир неча ойдирки, марказимизнинг илмий ходимлари ва тадқиқотчилари юртимиздаги ва хорижий олимлар билан ҳамкорликда марказ контенти ва концепциясини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 3-15 декабрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида жойларда турли учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ёшларда Ватанга муҳаббат туйғусининг шаклланишида Давлат мадҳияси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирда профессор Нарзулла Жўраев Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг қабул қилиниши тарихи хусусида тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳамда бошқа ўзбек санъати вакиллари томонидан мусиқий дастур намойиш этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА