Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маърифат дарси”: ёшлар онги ва дунёқарашини янгилаётган таълим майдони
15:36 / 2025-11-13

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқмоқда. Бу жараёнда давлат сиёсатининг марказида инсон манфаатлари, хусусан, ёшлар масаласи устувор ўрин тутади.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз ёшларимизни нафақат билимли, балки юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашимиз зарур”. Шу мақсадда таълим тизимида “Маърифат дарси” ва “Келажак соати” каби амалий машғулотлар жорий этилди.

Ушбу дарслар орқали талабалар мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнлар ҳақида чуқур маълумот олади, ҳаётга янгича ёндашишни, мустақил фикрлашни ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиради. “Маърифат дарси” ёшларни ватанпарварлик, ишонч ва масъулият руҳида тарбияловчи муҳим маънавий мактаб сифатида намоён бўлмоқда.

“Маърифат” атамаси араб тилида “билим”, “англаш” маъноларини англатади. Педагогикада эса у инсон онгини кенгайтирувчи, маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантирувчи жараён сифатида талқин этилади. Шу жиҳатдан “Маърифат дарси” фақат билим бериш эмас, балки тарбия ва маънавиятни уйғунлаштирувчи педагогик тизимдир.

Олий таълим муассасаларида бу дарслар қуйидаги вазифаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда: талабаларда ижтимоий ва сиёсий воқеаларга онгли муносабатни шакллантириш, танқидий ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш ҳамда ёт ғояларга қарши барқарорликни ошириш, фуқаролик масъулияти ва ватанпарварлик туйғусини кучайтириш.

“Маърифат дарси” замонавий таълимнинг ахборот, тарбиявий ва мотивацион жиҳатларини уйғунлаштирган интегратив тизим сифатида таълим жараёнида муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар учун беқиёс имкониятлар юртига айланмоқда. “Ёшлар сиёсати концепцияси”, “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар парламенти”, “Ёшлар академияси” каби ташаббуслар ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга, уларнинг роли ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

2017 йилда қабул қилинган “Ҳаракатлар стратегияси” ва унинг мантиқий давоми сифатидаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси” мамлакатдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Жамият ҳаётида очиқлик, шаффофлик ва самарадорлик тамойиллари асосида бошқарув тизими шаклланмоқда.

Бу ислоҳотларнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат: таълим тизимини модернизация қилиш ва олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда давлат хизматларини соддалаштириш.

Буларнинг барчаси ёш авлодга келажакда ўз ўрнини топиш, билим ва меҳнат орқали мамлакат равнақига ҳисса қўшиш имконини яратади. Ислоҳотларни чуқур англаган талаба ўзини яратувчи шахс сифатида кўради. “Маърифат дарси” эса уни янгича тафаккур, мустақил фикр ва ижтимоий масъулият сари йўналтиради.

Психология ва педагогика фанлари кўрсатганидек, инсон тафаккури муҳит ва тарбия таъсирида шаклланади. Шу маънода “Маърифат дарси” шахснинг маънавий-ахлоқий дунёқарашини бойитувчи, ватанпарварлик ва масъулият туйғусини сингдирувчи муҳим тарбиявий омилдир.

Бу машғулотларда талабалар жамият ҳаётидаги ўзгаришларга ижобий муносабат билдиришни, миллий қадриятлар ва умуминсоний тамойиллар уйғунлигини англашни, фикрни эркин ва мантиқан асослаб ифода этишни ўрганади.

Шу тариқа, “Маърифат дарси” оддий маъруза эмас, балки шахснинг маънавий камолоти жараёнидир. Унда билим, маданият ва масъулият уйғун ҳолда акс этади. Муҳокама, дебат ва лойиҳа тақдимоти каби интерфаол усуллар талабаларнинг фаол иштироки ва илҳомланишини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, “Маърифат дарси” бу ёшларга нафақат билим, балки ҳаётий йўл-йўриқ, мотивация ва ватанпарварлик руҳини берувчи тарбия мактабидир. У орқали замонавий тафаккур, маънавий етуклик ва фуқаролик масъулияти уйғунлашган комил авлод вояга етади. Янги Ўзбекистоннинг энг катта кучи ҳам ана шундай маърифатли ва фаол ёшлардир.

Талантбек Мадумарoв, 

Андижoн давлат университети

биринчи прoректoри, профессор.

ЎзА