Гулистон давлат университети Филология факультети талабалари учун “Келажак соати” рукни остида “Жадид боболаримиз” мавзусида сиёсий маърифат дарси ташкил этилди. Тадбирда факультет декани, декан ўринбосарлари ва масъул ходимлар иштирок этишди.
Дарсда ёшларга жадидчилик ҳаракатининг жамият тараққиётидаги ўрни, миллий ўзликни англаш ва маънавий қадриятларни юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Маърузаларда таъкидланганидек, жадидчилик фақат таълим соҳасини ривожлантириш билан чекланмаган, балки миллий маънавият ва маърифатнинг авж олишига қаратилган ҳаракат сифатида ҳам юксак аҳамиятга эгадир.

Тадбир давомида талабалар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунаввар қори Абдурашидхонов каби маърифатпарварлар ҳаёти ва уларнинг илм-фан, таълим ҳамда миллат равнақи йўлидаги хизматлари ҳақида кенг ва аниқ маълумотлар билан таништирилди. Уларнинг мероси — билим ва маърифатни тарғиб этиш, миллий фикрни ривожлантириш ва ёш авлоднинг маънавий камолотида муҳим восита сифатида таъкидланди.

Шунингдек, ёшларга жадидлар меросини ўрганиш ва тарғиб этишнинг маънавий аҳамияти, миллий тафаккурни бойитишдаги роли алоҳида қайд этилди.
– Жадид боболаримизнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан танишиш, уларнинг маърифатпарварлик ғояларини тушуниш менинг миллий меросимизга бўлган ҳурматимни кучайтирди, – дейди университетнинг 3-босқич талабаси Нодирбек Юнусов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири