Маълумки, транспорт ва логистика соҳасидаги ривожланишлар ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ва стратегик хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, авиация инфратузилмаси, темир йўл тармоғи ва портлар салоҳиятини ривожлантириш орқали товарлар оқими ва транзит логистикаси самарадорлиги оширилади.
Бугун Тошкентда ўтказилган Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумида бу борадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Унда Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили сўзга чиқиб, транспорт йўналишида татбиқ этилаётган лойиҳаларнинг нафақат иқтисодий соҳани қўллаб-қувватлаш, балки мамлакатнинг геосиёсий мавқеини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Аввало, форумда иштирок этаётганимдан ва ҳамкорлар билан мулоқот қилиш имконияти яратилганидан ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимни билдираман, – деди вазир. – Транспорт ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун асосий устун ҳисобланади. У нафақат товар ва хизматларнинг узлуксиз ҳаракатини таъминлайди, балки ҳудудлараро боғлиқликни мустаҳкамлайди, халқаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантиради.
Таъкидлаш керакки, мамалкатимизда транспорт, логистика ва авиация инфратузилмаси каби муҳим соҳалар учун ҳам чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Анаклия портининг қуввати икки баравар оширилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳа мамлакат учун энг муҳим лойиҳалардан бири бўлиб, Грузиянинг ўз позициясини мустаҳкамлаш ғоясини ҳам қўллаб-қувватлайди. Портнинг биринчи босқичи 2029 йилда якунланиши керак ва унинг қуввати 600 000 TEU ни ташкил этади. Иккинчи босқич эса 2035 йилгача якунланади ва қувват 1 миллион TEU га етказилади.
Шунингдек, Грузия темир йўл инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ишларини олиб бормоқда. Локомотивлар ва юк ташиш транспорт воситаларини янгилаш учун тахминан 350 миллион АҚШ доллари сармоя киритилмоқда. Бу чоралар темир йўлнинг қувватини ошириш билан бирга, товарларнинг тез ва самарали етказилишини таъминлайди.
Молия имкониятлар ҳар бир давлат учун, жумладан, Грузия учун ҳам муҳим бўлиб, молиявий институтлар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш зарур. Мамлакат очиқ, бизнес ва инвесторлар учун мўлжалланган сиёсат юритмоқда.
Транспорт ва логистика соҳаларига сармоялар ортиб бораётгани кўзга ташланмоқда. Ҳукумат ҳам асосий инфратузилмага катта сармоя киритишда давом этмоқда ва йиллик ЯИМнинг ўртача 7-8 фоизи ушбу соҳаларга йўналтирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, транспорт ва логистика фақат битта давлатнинг стратегияси билан чекланмайди. Бу соҳадаги чора-тадбирлар ва инвестициялар бизнинг умумий визияларимиз ва режаларимиз билан уйғунлаштирилиши керак.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.