Андижонда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами арафасида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган танлов очилишида сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўктамжон Охунов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда кексалар, нуронийларни ардоқлаш, ёшлар тарбияси, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар тарбияси билан шуғулланишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасидаги танловнинг вилоят босқичида унинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб, деб топилган 16 нафар нуроний иштирок этди.
Белгиланган шартлар асосида ўтказилган танловнинг якуний натижаларига кўра, Марҳамат тумани Мингтепа маҳалласида яшовчи Хайрихон Эгамбердиева 1- ўринни қўлга киритди.

- Маҳалламиздаги ўзимга бириктирилган ёшларнинг ҳар бири билан алоҳида иш олиб бораман, – дейди Хайрихон Эгамбердиева. – Уларнинг муаммоларини ўрганаман. Ана шу муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиламан. Бундан ташқари, ҳомийлар орқали уларга кўмак бердим, ишга жойлашишларига, банкдан кредит олиб, ўз тадбиркорлигини бошлашларига ёрдамлашдим. Умуман, маҳалламиздаги кексалар ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, уларни оилада, маҳаллада, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун зарур барча ишларни олиб бормоқда.

Танловда 2- ўринни Улуғнор туманидаги Намуна маҳалласида яшовчи Қодиржон Қўзиев, 3- ўринни Олтинкўл туманидаги Меҳнат маҳалласида яшовчи Ашурали Отажоновлар эгаллади.
Ғолиблар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди. Танловнинг бошқа барча иштирокчиларига эсдалик совғалар тақдим этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА