Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марҳаматда халқаро туризм форуми
14:51 / 2023-09-11

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Андижон вилоятига ташрифи чоғида Марҳамат туманида ҳар икки йилда бир марта “Кўҳна Довон сирлари” археология туризм форумини ўтказиш бўйича топшириқ берган эди.

Ана шу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, маданият ва туризм бошқармаси, Марҳамат тумани ҳокимлиги, Самарқанд археология институти ва “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган “Кўҳна Довон сирлари” археология туризм форумида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Хитой давлатларидан ташриф буюрган тарихчи олимлар, туристик ташкилотлар вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Марҳамат тумани ҳудудида жойлашган “Мингтепа” археология ёдгорлиги тарихий манбалар ҳамда археолог олимларнинг маълумотларига кўра, қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбааларда “Дай-юан” - Даван деб келтирилади) номи билан машҳур давлатнинг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари, деб таҳмин қилинади.  

[gallery-13525]

Ҳозирда Мингтепа ёдгорлиги харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.

Манбаларда ёзилишича, “Мингтепа” қадимда, милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида аҳоли зич яшаган Довон давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Унинг тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. “Буюк ипак йўли”да жойлашган ушбу шаҳар ривожланган ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ҳамда “самовий тулпорлари” билан машҳур бўлган.

Археологларнинг эътироф этишича, “Мингтепа” ёдгорлиги иншоотига оид осори-атиқалар Фарғона водийсидаги бошқа бирор бир антик давр ёдгорлигида учрамайди.

–Форумнинг асосий мақсади Фарғона водийси шаҳарларининг тарихий тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти ҳамда ушбу ҳудуднинг туризм ривожидаги аҳамияти, мавжуд имкониятларини, шунингдек, қадимий Довон давлатига оид энг сўнгги илмий-тадқиқот ишлари натижаларини муҳокама қилиш, илмий хулосаларни умумлаштириш, – дейди “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Шаҳло Ҳусанова. – Қолаверса, Марҳамат туманидаги мавжуд туризм масканларини кенг тарғиб этишдан иборат.

Дастлаб форум доирасида тумандаги "Келажак нури" кутубхонасида қадимги Довон (Фарғона) давлати тарихига бағишланган “Фарғона водийсининг қадим ва ўрта асрлар археологияси, этнографияси, тарихи муаммолари ва уларнинг таҳлили” мавзусида илмий-амалий ҳамда “Қадимий Довон давлати ҳудуди бўйлаб туризмни ривожлантириш масалалари” мавзусида анжуманлар ўтказилди.

Илмий-анжуман бошланишига бағишланган тадбирда Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Юлдашев, Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов иштирокчиларни муборакбод этиб, анжуман ишига муваффақият тилади.

Илмий анжуманда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти, Фарғона давлат университети, Андижон давлат университети, Андижон педагогика институти, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти тарихчи олимлари, шунингдек, Хитой ижтимоий фанлар академияси Археология институти, Тожикистондаги Академик Бобожон Ғофуров номли Хўжанд давлат университети, Қирғизистоннинг Қирғиз-ўзбек халқаро университети, Ўш давлат университети тарихчи олимларининг маърузалари тингланди.  

“Қадимий Довон давлати ҳудуди бўйлаб туризмни ривожлантириш масалалари” мавзусидаги анжуман доирасида  Фарғона водийсида туризмни ривожлантириш масалалари бўйича маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан Фарғона водийсида туризмни ривожлантириш  борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Куннинг иккинчи ярмида тумандаги туризм объектлари бўлган тарихий ва замонавий масканларга инфотур ташкил этилди.

Инфотур иштирокчилари дастлаб Мингтепа археология ёдгорлигида бўлиб, қадимий Довон давлати харобаларини кўздан кечирди.

Шундан сўнг иштирокчилар “Мингтепа” музейида бўлиб, бир неча минг йиллик тарихга эга ёдгорликлар, осори-атиқалар, шунингдек, тумандаги энг гавжум туристик масканлардан бири – Бобохуросон маҳалласида жойлашган дорбоз Юнусали Ғозиев хонадонида турист ва сайёҳларнинг кўнгилли хордиқ чиқариши учун яратилган шарт-шароитлар, ўзига хос табиат манзараси билан яқиндан танишди.  

Фахриддин Убайдуллаев,

Зухриддин Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари