Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марҳаматда 10 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди
19:01 / 2023-12-27

Янги йил байрами арафасида Марҳамат тумани ҳокимлиги ташаббуси билан тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 10 нафар фарзандига хатна тўйи ўтказилди.

Тўй тантанасининг очилишида сўз олган Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Юлдашев ва бошқалар томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

– Юртимизда миллий қадриятларимизни улуғлаш, муҳтожларга меҳр-саховат кўрсатиш, эҳтиёжмандларга кўмак беришдек эзгу ва хайрли ишлар анъанага айланган, – дейди туман ҳокими Бобуржон Юлдашев. – Янги йил шукуҳи кезаётган шу кунларда нафақат туманимизда, балки кундан кунга юксалиб бораётган Ўзбекистонимизда бу каби хайрли ишлар кўлами янада кенгаяди. 

[gallery-15245]

Тўй тантанасида тўйболаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Болажонларнинг суннат тўйлари тўкин дастурхон, ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги тўйболалар, уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди, табрик ва қутловлардан барча мамнун бўлди. 

Тўйболаларга велосипед, ўйинчоқлар, ширинликлар, уларнинг оилаларига эса турли совғалар берилди. 

– Ёлғиз аёлман, имкониятим йўқлигидан фарзандим Ҳакимжонга тўй қилолмаётган эдим, – дейди Қўрғонча маҳалласида яшовчи Бонухон Йўлдошева. – Туманимиз ҳокими, маҳалла ва хотин-қизлар бўлими, мана шундай хайрли ишларнинг ташаббускори бўлган Президентимизга раҳмат. Фарзандим қатори яна тўққиз нафар боланинг тўйи ўтказилди. Бунга беадад шукрлар қиламан, эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунман. 

Санъаткорларининг шўх куй -қўшиқлари барчага байрамона кайфият улашди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари