Марҳамат туманида янги марказ ишга тушди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳудудларда кенг кўламли ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Марҳамат тумани Узумзор маҳалласида “Файз” даволаш масканининг иш бошлагани ва унда “Фаол ҳаётга қадам” дастури ижроси доирасида ўзгалар парваришига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган катта ёшдаги фуқароларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

Марказ очилишига бағишланган тадбирда туман ҳокимлиги, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Барча қулайликларга эга, зарур воситалар билан жиҳозланган марказда бир вақтнинг ўзида ўн нафар фуқарога малакали мутахассислар хизмат кўрсатади.


Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.