Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марҳамат туманида электр энергияси таъминоти янада яхшиланади
16:28 / 2023-05-11

Андижон вилояти Марҳамат туманида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, нафақат туман маркази, балки чекка-чекка маҳаллаларда ҳам янги савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар-жой бинолари, кенг, равон йўллар, гулзор ва хиёбонлар бунёд этилмоқда, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Айниқса, аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг сифатини янада яхшилаш учун туман электр таъминоти ходимлари томонидан белгиланган ишлар тизимли равишда ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.  

– Электр энергияси таъминотини яхшилаш, шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида туманнинг қатор маҳаллаларида кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали “Марҳамат туман электр таъминот” корхонаси раҳбари Ҳасанбой Аҳмедов. – Натижада йиллар давомида электр энергияси таъминоти бўйича аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бартараф этилмоқда.  

[gallery-11837]

Жумладан, жорий йилда тумандаги 19 та маҳаллада 23,5 километр узунликдаги электр симларини янгилаш, 15 та янги трансформатор ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Чилон ва Бирлик маҳалласида 2,9 километр узунликдаги янги линия тортилиши, 3 та янги трансформатор, 140 дан ортиқ бетон устунлар ўрнатилиши белгиланган.  

Айни кунда бу борадаги ишлар изчил ва тизимли равишда олиб борилмоқда. Хусусан, Шаҳристон, маҳалласида 2,7 километр, Увайсий маҳалласида 1,7 километр янги линия тортилди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Чилон, Бирлик маҳаллаларида янги линиялар тортилиб, 136 та бетон устунлар ўрнатилди.  

Айни кунда мутахассислар томонидан туманнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Кўтарма маҳалласида янги линиялар тортиш, бетон устунлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 850 метр янги линия тортилиб, 21 та бетон устун ўрнатилди. Умуман, электр энергияси таъминотини яхшилаш, шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олиб борилаётган ишлар натижасида туманнинг қатор маҳаллаларида электр энергияси таъминоти тубдан яхшиланади.  

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзA