Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марғилоннинг ифторлик бозори (+видео)
15:09 / 2026-02-24

Рўзаи рамазоннинг фазилатларидан бири оила, дўстлар, яқинлар, қўшнилар даврасида, ҳамжиҳатликда оғиз очиш – ифторликдир. Бу дастурхонга оддий таомлар, оила пишириқлари, мевалар қўйилади одатда. Сўнгги йилларда эса, масалан, Марғилонда ифторлик бозори шаклланди. Дастлаб пих ва новвот шарбатидан кўпиртирилган нишолда сотилар эди. Кейин ёнига турфа хил нонлар қўшилди. Пишириқ, яхна гўшт, мевалар бозорни тўлдирди. Бугун эса Марғилон ифтор бозорида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бу ёғи Хўжанд, бу ёғи Новқату Ўшгача рўзадорлар келишади бу ерга.

Нишолданинг ўзи икки хил. Бири Марғилон, бири Қўқон усулида тайёрланган. Лекин иккиси ҳам Рамазон ойи ширинлиги, оғизда эрийди. Буниси Шоҳимардон тоғларидан терилган хандон пистадан тайёрланган ширинлик. Унинг кичик бир бўлаги қонни суюлтириб, босимни туширади, дейишади.

Парҳез, гўштли, кўк, қовоқли, сихли, коса ва пармуда сомсаларни айтмайсизми. Уч бурчакли варақи сомсалар эса сарёғда қилинади. Уларни шундоққина кўчма тандирдан узиб беришади.

Яхна гўшт, ҳасип, қоражигар ҳасип, туёқлар, яхна қорин... э ҳе, уларнинг тури ҳам, мазаси ҳам бир-бирига ўхшамас.

Мевалар бозори ҳам ранг-баранг. Бу ерда айнан шу бугун токдан узилган узумларни кўрасиз. Улар олтинранг товланади. Донаси шарбатга тўла, танаси таранг, қарсиллаб туради. Хурмонингку турини санаб тугатолмайсиз.

Сабзавот- салатлар растасида энг сара бақлажон, булғори, помидор, мушак сабзи, барра кўклардан тайёрланган хуштам егуликлар.

Гўштли, халқанон, калпатир, ёғли-ёғсиз оби нон, ширмону хилма хил қатламалар...  

Хуллас, Рамазон дастурхони учун ниманики кўнгил истаса, ҳаммаси Марғилон ифторлик бозорида муҳайё.

Нархларичи, дерсиз. Баъзилари бепул тарқатилади, баъзилари таннархда, яъни бозордан анча арзон. Аслида уларнинг мақсади ифторлик дастурхони устидаги ижобат дуосидан баҳраманд бўлишдир.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/X7SZZb52CRI" title="Marg‘ilonning iftorlik bozori" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА