French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марғилонда замонавий туризм мажмуаси барпо этилмоқда
13:53 / 2026-02-01

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида барпо этилаётган Бурҳониддин Марғиноний номидаги замонавий туризм мажмуаси миллий мерос ва замон талабларини ўзида уйғунлаштирган йирик лойиҳалардан бири сифатида эътиборга молик.

Майдон ҳажми 35 гектар бўлган мажмуа ҳудудида айни пайтда буюк аллома номи билан аталадиган илмий-амалий марказ, “Отабек ва Кумуш уйи”, ҳунармандлар расталари, карвонсаройлар, тарих музейи, шарқона бозор, мусиқали мақом театри ҳамда амфитеатр каби қатор маданий ва сайёҳлик объектлари барпо этилмоқда. Шунингдек, ҳудудда сунъий кўл, мусиқали фавворалар, яшил ҳудудлар, ҳордиқ масканлари, меҳмонхоналар ҳамда сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш режалаштирилган.

Шарқона меъморчилик анъаналари асосида ишлаб чиқилган мажмуа лойиҳаси Туркиянинг таниқли архитекторлари томонидан тайёрланган. Бугунги кунда давлат бюджети маблағлари, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар иштирокида 35 та объектда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Мажмуа жорий йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, унинг фаолияти натижасида 1000 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

[gallery-27415]

Эркин Воҳидов номидаги Ижодкорлар боғида ўтказилган матбуот анжуманида амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун мажмуа ҳудуди бўйлаб пресс-тур ташкил этилди. Маълум қилинишича, ушбу мажмуа яқин истиқболда Марғилон шаҳрининг янги туризм брендига айланиб, йилига 1 миллионга яқин маҳаллий ва хорижий сайёҳни жалб этиши кутилмоқда.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА