Марғилонда “70+” клуби очилди
Кексаликда ҳам соғлом, тетик руҳ билан яшаш мумкинми? Албатта, демоқда марғилонлик қариялар. Улар “70+” клубини ташкил этдилар. Сўнг ҳар тонгни шаҳардаги 2-сонли спорт мактабида бадантарбия машғулотлари билан бошлашни яхши анъанага айлантиришди. Улар эрта саҳардан тоза ҳавода жам бўлиб, велосипед ҳайдаш, юриш ва соғломлаштирувчи машғулотлар билан шуғулланишади.
Бу машғулотлар отахонларнинг соғлом турмуш тарзини сақлашларига, жисмоний фаолликни оширишга ҳамда кайфиятини кўтаришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ерда улар бир-бирлари билан мулоқот қилиб, дўстона муҳитда вақт ўтказишади.



Очиғи, бу каби манзарани Хитой, Сингапур, Корея Республикаси ва Япония сафарлари давомида кўп бор учратган эдик ва ҳавас қилгандик. Энди кексаларнинг саломатлик гуруҳлари ўзимизда— Марғилонда фаолият юритмоқда.


Ҳа, дарвоқе, кекса авлод вакилларининг бундай ибратли ташаббуси ёшлар учун ҳам соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этувчи яхши намуна бўлиб хизмат қилса ажаб эмас.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА