Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марғилон шаҳридаги Марказий шифохонада “Гемодиализ” бўлими фаолият бошлади
07:33 / 2022-04-12

Марғилон шаҳридаги марказий шифохонада гемодиализга муҳтож беморларга тиббий ёрдам кўрсатадиган сунъий буйрак (гемодиализ) бўлими фаолият кўрсата бошлади.

Маълум бўлишича, ҳозир ҳудудда сурункали буйрак етишмовчилиги касаллиги билан 85 нафар бемор назоратда туради. Улар доимий равишда диализ муолажаларини олишга муҳтож.

Шу пайтгача беморлар гемодиализ ўтказиш учун Фарғона шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган урология маркази Фарғона филиалида фаолият кўрсатган гемодиализ бўлимига юборилган. Энди бундай турдаги беморларга Марғилон шаҳрининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти пайдо бўлди.
Бўлимга Германия давлатидан олиб келинган сув фильтрлаш қурилмаси ва 10 та замонавий гемодиализ аппарати ўрнатилди. 

[gallery-6583]

– Кейинги вақтларда буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморлар бир мунчага ортган, - дейди бўлим бош шифокори Иномжон Ҳамроев. –Юртимизда бу каби беморларни даволаш, буйрак трансплантацияси бўйича операцияларни ўтказиб, кишиларни соғлом ҳаётга қайтариш учун барча шароитлар яратилмоқда. Бўлимимизни Марғилон шаҳрига кўчириб ўтказилиши ҳам беморларга катта қулайликлар яратишга хизмат қилади. Авваллари вилоят марказига қатнайдиган беморлар бугун узоққа бормай, ортиқча сарф харажат қилмай яқин ҳудуддан диализ олмоқда. Беморларга дори-дармонлар ҳам имкон даражасида бепул етказиб бериляпти.

– Узоқ туманларда яшовчи мен каби беморларга вилоят марказига келиб, ушбу муолажани олиш катта қийинчилик туғдирар эди, - дейди бемор Фотима Ўктамова. – Шу боис, Марғилон шаҳрида ҳудудий гемодиализ бўлими ишга туширилишидан жуда мамнун бўлдик. 

Бўлимда 20 нафар соҳа ходими беморлар хизматида. Кун давомида 4 сеансда 40 нафар бемор доимий равишда муолажа олиши мумкин.

 

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА