Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида барпо қилинган Миллат фидойилари хиёбонида уч авлод вакиллари иштирокида тадбир ўтказилди.
Муаззам масканда ички ишлар органлари фахрийлари, таниқли зиёлилар, маънавият тарғиботчилари, ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва курсант ёшлар йиғилди.


Тадбир аввалида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод сўз олиб, мустақиллик йилларида юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган жасур ўғлонлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган мажмуанинг маънавий ҳаётимиздаги ўрнига тўхталди.
Учрашувда хотира хиёбонида номлари битилган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жасорати, муқаддас бурчини бажариш чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги, бугунги ва келгуси авлодлар учун ибрат бўладиган фазилатлари эътироф этилди. Ёш авлод вакилларига мажмуадан ўрин олган лавҳаларнинг бадиий ғояси, мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.


– Ватан тинчлиги ва равнақи йўлида қилинган ҳеч бир иш бесамар кетмайди. Пойтахтимизда қад ростлаган шундай масканни кўриб, юртимизда инсон қадри улуғ қадриятга айланганига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Мажмуани томоша қилар эканман, кўзим беихтиёр ёшланди. Боиси, бу ерда биз билан бир сафда турган, эл-юрт осойишталиги учун азиз жонидан кечган ҳамкасбларимизнинг ҳам номлари зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. Демак, қаҳрамонлар номи асло ўчмайди. Ишончим комилки, хотира хиёбони фарзандларимиз учун чинакам ватанпарварлик мактабига, севимли зиёратгоҳга айланади, – дейди Ички ишлар академиясининг Тезкор-қидирув фаолияти кафедраси катта ўқитувчиси, истеъфодаги генерал-майор Мирсамад Адилов.


Тадбирда бугунги авлод миллат фидойилари олдида ҳамиша қарздорлиги, мустақиллигимиз, мусаффо осмонимиз, тинч-осуда ҳаётимиз улкан жасорат ва матонат эвазига ҳимоя қилингани, юрт ўғлонларининг мардлиги, қаҳрамонлигини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш, хиёбонда ватанпарварлик ва хотира дарсларини ўтказиш инсоний бурчимиз эканлиги таъкидланди.
Курсантлар томонидан ўқилган ватан, тинчлик, эзгуликни тараннум этувчи шеърлар эса тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати