Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мардлик, жасорат ва садоқат фақат ҳарбийларга хос бўлмаслиги керак
20:29 / 2026-01-12

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Мардлик, жасорат ва садоқат” шиори остида фестиваль ўтказилди.

Ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган тадбирда шаҳардаги таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, уюшмаган ёшлар иштирок этди.  

Фестивалнинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев иштирокчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, ҳарбийлик, юртни ҳимоя қилиш энг муқаддас иш эканлигини таъкидлади.  

– Мардлик, жасорат, садоқат деган тушунча ҳақида гап борганда бу туйғулар ҳар бир ҳарбий хизматчида бўлиши керак, деймиз. Бунга шубҳа йўқ, лекин ҳар бир инсон ўз Ватани, халқи олдида ана шу туйғулар билан боғлиқлиги, масъуллигини унутмаслик лозим, – деди вилоят ҳокими ўринбосари.

[gallery-27075]

Тадбирда улуғ адиб, жадид боболаримиз етакчиларидан бири бўлган Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Ҳарбий оркестр ва ёшлар иштирокида Ватан ва ҳарбийлик шарафланган куй-қўшиқлар янгради.

Шундан сўнг Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди. Ҳарбийлар ва соҳа фахрийлари Ватанни ҳимоя қилиш шу юртда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидладилар. Ўз ҳаёти, иш фаолиятидаги эсда қоларли ҳолатлар, юртимиз сарҳадлари дахлсизлиги, тинчлик-барқарорликни таъминлаш учун кўрсатган жасоратлари ҳақида гапириб бердилар. Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди.

Фестиваль доирасида қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва махсус воситалар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, амалий машғулотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Йигит-қизлар ҳарбийлар билан бевосита мулоқот қилиб, хизмат шароити, ҳарбий касбнинг афзалликлари ҳамда Ватан ҳимоячисининг масъулияти ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари