Жаҳон цивилизацияси ривожида етакчи ўрин эгаллаган аждодларимиз билан наинки фахрланиш, балки тарихи, маънавий мероси, насиҳат ва ўгитларини ўрганиш ҳам ғоят муҳим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори жаҳонгир Амир Темур бобомиз ва Темурийлар тарихини мукаммал ўрганиш ва тарғиб этишда янги имкониятлар очади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, атоқли тарихчи олима, фан доктори, профессор Дилноза Жамолова билан юқорида номи келтирилган қарорнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбарининг буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори аҳамиятини қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?

– Амир Темур она-Ватанимизни мўғуллар зулмидан озод қилиб, шу ҳудудда марказлашган давлат тузган ўзбекнинг улуғи, буюк арбобидир. У Туронда осойишталикни сақлаш билан бирга, иқтисодиётни юксалтириш ва халқнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратган. Давлат бошқарувини адолатли юритиб, халқига хиёнат қилган амалдорларни қаттиқ жазолаган. Мамлакат тараққиётининг асоси бўлган таълимни ривожлантириш ва илм-фанни рағбатлантириш йўлидан борган. Ўша даврнинг асосий таълим муассасалари бўлган мактаб ва мадрасаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда олимлар тадқиқот олиб бориши учун кенг имкониятлар яратиб берган. Натижада Турон олимлари буюк кашфиётларни амалга ошириб, Иккинчи Ренессансга асос солган.
Амир Темурнинг бунёдкорлик ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Бу даврда Туроннинг марказий шаҳарлари Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларда кўплаб меъморий иншоотлар қад кўтарган, боғлар барпо қилинган. Амир Темур Туронда бунёдкорлик ва ободончилик ишларини давлат сиёсати даражасига кўтарганини “Тузуклари” ҳам тасдиқлайди: “Амр этдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсунлар, бузилган кўприкларни тузатсунлар, ариқлар ва дарёлар устига кўприклар қурсунлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар бунёд этсунлар… Катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсунлар, фақиру мискинларга лангархона солсунлар, беморлар учун шифохона қурдурсунлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласунлар. Ҳар бир шаҳарда дор ул-иморат (сарой) ва дор ул-адолат (қозихона) қурсунлар…”.
Мана шундай ишларни амалга оширган Амир Темур бобомиз темурий шаҳзодалар ва кейинги сулолалар ҳукмдорлари учун буюклик рамзига айланди. Турон – Туркистон ҳукмдорлари Амир Темурнинг бошқарув, илм-фан, бунёдкорлик соҳасидаги ишларини ўзларига дастур деб билдилар. У қурдирган меъморий иншоотларни таъмирлаб, авлодларга етказиш вазифасини амалга оширди. Россия империяси Туркистонни босиб олгач, мустамлакачи ҳукумат халқимизга буюк аждодларимизни атайин қоралаб, уларга нисбатан нафрат туйғусини уйғотиш бўйича тарғибот олиб борди. Уларни ўрганишга тақиқ қўйди.
Мустақиллигимиз тикланган кундан бошлаб, Амир Темур шахсини таниш, унинг ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихида тутган ўрнини кўрсатиш, халқимизга танитиш асосий вазифа қилиб қўйилди ва бир қатор муҳим амалий тадбирлар амалга оширилди. Амир Темур ва темурийлар даври тарихи бўйича тадқиқотлар қилинди, ўша даврга оид асарлар ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр қилинди. 2026 йил 5 февралда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор Янги Ўзбекистон тарихидаги муҳим воқеалардан бири десам, хато бўлмайди. Бу қарор Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш билан бир вақтда Амир Темур ва темурийлар олтин чоғи – Иккинчи уйғониш даври тарихини жиддий тадқиқ қилиш кераклигини белгилаб берди.
– Жадидлар Амир Темурнинг шахсияти, беназир маънавий мероси, жаҳон миқёсидаги фаолиятига қандай муносабатда бўлганлар?
– Буюк турончилик ғоясини илгари сурган жадид боболаримиз Амир Темур шахси ҳамда унинг давлатчилигимиз тарихида тутган ўрнини жуда юқори баҳолаганлар. Жумладан, 2026 йил 140 йиллиги кенг нишонланиши кутилаётган Абдурауф Фитрат Амир Темурнинг буюклиги ва қудратини кўп марта эътироф этган. “Юрт қайғуси” шеърида Туркистон халқини уйғонишга даъват қилар экан, миллат арслонлари танасида Амир Темурнинг қони оқаётганига ишора қилади. Соҳибқиронга мурожаат қилиб, Туроннинг босқинчилар томонидан эгалланишида туркликка хиёнат қилганлар айбдорлигини, бу шармандали ҳолатдан уятда эканини қайд қилади ва ундан дуо қилишини сўрайди: “...Мени қўлимни тут, белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер! Сени дунёга сиғмаган ғайратингга онт ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлигини қайтармасдан бурун оёғларингда ўтирмасман!”
Абдурауф Фитрат Туркистон халқига, айниқса ёшларга Амир Темурнинг буюклиги, унинг давлатчилик тарихида тутган ўрнини кўрсатишга ҳаракат қилган. Бухоро Халқ Совет Республикаси маориф нозири бўлган вақтида 1922 йили иқтидорли ёшларни Германияга ўқиш учун юборишдан олдин Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишга олиб борганини тарихий манбалар тасдиқлайди.
Туркистон жадидчилигининг ёрқин вакили Сиддиқий Ажзий “Руҳлар суҳбати” (Аржумани арвоҳ) рисоласида Амир Темурнинг давлатчилик соҳасидаги буюк хизматларини эътироф этиб, темурийлардан кейинги қолоқликни қаттиқ танқид қилган. Яна бир тараққийпарвар Ҳожи Муин темурийлар олтин даврини эътироф этиб, ёшларни илм олишга чорлайди.
Туркистон жадидларининг етакчиси Мунавварқори Адбурашидхонов Амир Темур ҳақида шеърлар, мақолалар ёзмаган бўлса-да, миллий давлатчиликни тиклашда Амир Темурнинг салтанатчилик сиёсатини асос қилиб олди. Буюк турончилик ғоясини илгари сурди, туркистонликларни бирлашишга чорлаб, мустамлакачиликка қарши курашиш ҳамда Соҳибқирон давридаги каби марказлашган Турон давлатини тиклаш масаласини қўйди. Жадид мактаби, кутубхона ва театр гуруҳларини Турон деб номлади. Фарғона тараққийпарварларини бирлаштирган жамиятга ҳам беҳудага “Темур” номи берилмади. Улар учун Амир Темур жасорат, мардлик ва адолат тимсоли эди.
– Юртимиз олимларининг тараққийпарвар боболаримиз ва буюк аждодларимиз, жумладан, Соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғларимиз меросини ўрганиш борасидаги тадқиқотлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Бугунгача буюк боболаримиз Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бўйича кўп тадқиқотлар амалга оширилган. Асарлари қайта-қайта нашр қилинган. Аммо бир нарсани айтишим керакки, улар ҳақида биз билмаган маълумотлар жуда кўп ва тадқиқотчиларини кутмоқда. Ўзбекнинг энг улуғи бўлган Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганиш бўйича араб, форс, хитой, инглиз, француз, испан, немис тилини биладиган тадқиқотчиларни тайёрлашимиз, улар орқали илмий жамоатчиликка, халқимизга Амир Темур ва темурийлар олтин даврининг номаълум саҳифаларини очиб беришимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.