Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мардлик ва жасоратнинг 107 ёшли намунаси
23:49 / 2021-04-23

Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Ўтган асрнинг 20-30 йилларидаги қийинчилик ва Иккинчи жаҳон уруши даҳшатлари халқимизнинг иродаси ва матонати нақадар мустаҳкамлигини, букилмаслигини амалда исботлаб берди. Наманган вилояти, Чуст тумани «Сероб» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 107 ёшни қаршилаган Раҳмонжон ота Раимжонов халқимизнинг ана шундай иродаси ва матонати букилмас вакилларидан биридир.

Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ва Чуст тумани бўлими офицерлари, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий прокуратура ходимлари, фахрийлар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлими аъзолари, нуроний отахонлар ва 3-умумтаълим мактаби ўқувчиларидан иборат гуруҳ Раҳмонжон ота Раимжонов хонадонига йўқлаб борди.

Раҳмонжон ота 107 ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳалиям тетик. Меҳмонларнинг келишига байрамона тайёргарлик кўрган хонадон эгалари келишимизни билган отахон бизни эрталабдан буён кутаётганини айтди. Айниқса, Раҳмонжон ота Раимжоновнинг ўғли Раззоқ ака «Эрталабдан эмас, келишларингиздан бир оз олдин огоҳлантирсаларингиз бўларкан. Отам кун бўйи беш-олти марта кўчага ҳам чиқиб келди», дея гина ҳам қилиб қўйди.

Ўзига аталган совға-салом ва гулдасталарни қабул қилиб олган Раҳмонжон ота 107 ёшни қаршилаганини, ҳалигача бирор марта ҳам касал бўлмаганини ажабтовур чаққон қўл ҳаракатлари билан таъкидлаб, ўз ҳикоясини бошлади.

– Паспортимда 1920 йил туғилганим қайд этилган. Аслида таваллуд топган санам 1914 йил. Илгариги замонда кўпчиликдан сўраб ўтирмасдан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага нотўғри санани қўйиб юбораверишган. Ўша давр мактабларда бошланғич синфлардаги ёш фарқи 5-10гача бўлганлигини кўпчилик билади. Хуллас, эскиларнинг айтишича, 1914 йил қовун пишиғида туғилган эканман.

Отахон аччиқ қисматдан иборат болалик давридаги ўтмиш хотиралари билан йиғилганларни гоҳ кулдириб, гоҳида эса ўйга чўмиб қолганига эътибор бермай бошидан ўтган кечмишларини сўзлашда давом этди.

– 30 йилларнинг бошида Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги асосан руслар ишлайдиган совхозга ишга борганман. Иш ҳақимиз учун ойига 32 килограмм ун беришарди. Иш давомида русчани ўргандим ва 1939 йилнинг октябрида Оққўрғондан ҳарбий хизматга Ленинградга жўнатилдим. 67-ўқчи дивизиянинг 452-ўқчи полкида разведкачи эдим. Бир неча марта разведка гуруҳида жанговар топшириқларни бажардик. Фин тилида “қўлингни кўтар”, “қимирласанг отаман”, сўзларини ўрганиб олганлигим топшириқларни бажаришда қўл келган. Шимолий фронтда ўзбекистонлик бир ҳамюртим билан машаққатли тоғли ҳудудда Норвегия чегарасигача борганимиз ёдимда. Иккита фин аскарини асирга тушириб келтирганман...

1941 йил хизмат муддатим тугамасдан туриб, фашист босқинчиларига қарши жанглар бошланиб кетди. Дивизиямиз билан еттинчи, ўн тўртинчи ва ўн тўққизинчи армиялар таркибида Карелия фронти жангларида иштирок этдик. 1943 йил «Жанговар хизматлари учун» медали билан тақдирландим. Кейин «Жасорати учун» медали ва «III даражали шон-шараф» ва «I даражали Ватан уруши» орденлари соҳиби бўлдим.

«Шон-шараф» орденини олишдаги хизматим ҳеч эсимдан чиқмайди. Разведка топшириғида фашист корректировшиги (нишонга йўналтириб берувчи)ни қўлга тушириб келганман. У кечки пайт бизнинг позициямиз томонга огоҳлантирувчи ракета отганча, блиндажга кириб кетиши билан ортидан бориб, бўғзидан олганман. Уни қўлга тушириб келганим бир зумда ҳаммага овоза бўлди. Ўшанда 67-ўқчи дивизия командири генерал-майор Панкратий Белобородовнинг шахсан ўзи юксак мукофотга тавсия этганди.

Урушда не-не қийинчиликларни кўрмадик. Қишнинг совуқ қорли кунларида чанғи билан 20 километрлаб масофага разведкага кетардик. Разведкачи сифатида бошқалардан 100 грам нон, 35 грамм сарёғ, 15 грамм шакарни кўп олганмиз. Оч қолган пайтларимиз ҳам бўлган. Самолётда биз учун парашютда ташланган озиқ-овқат сухари (қотган нон)ни шамол душман ҳудудига учириб кетган. Шунда очликдан ўлган отларнинг гўшти ва қайнатилган буғдой ейишга мажбур бўлганмиз. Ниҳоят 1945 йил 9 майда уруш тугаганлигини эълон қилишди. Ҳарбий хизматни 1946 йил 17 июлгача давом эттириб, қадрдон Чустимга ефрейтор унвони билан кириб келдим.

Урушдан кейин ғишт заводида ишчи бўлиб ишладим. Ҳар куни тушликкача 30 тонна, тушликдан кейин 30 тонна ғишт таширдим. Менга ўша пайтнинг энг қиммат машинаси – Газ-24 автомобилини совға қилишган. Ҳозир ҳам бор, ҳовлимизда турибди. Ҳали айтганимдек, шу ёшгача бирор марта ҳам касал бўлмаганман. Яқин-яқингача ҳовлидаги токзорда кетмон чопиб, меҳнат қилдим. Билдизми?...

Ўрта бўйли, жуссаси кичик бўлишига қарамай чайирлиги шундоқ кўзга ташланиб турадиган Раҳмонжон отанинг ҳар бир ҳикоясини жон қулоғи билан эшитаётганларга қараб ора-орада савол беришга ҳам журъат эта олмадик. Чунки унинг ўткир хотирасида ҳаммамиз учун сабоқ ва намуна бўладиган воқеликлар бирма-бир гавдаланганди.

Раҳмонжон ота Раимжонов хайрлашиш олдидан ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар, давлатимиз раҳбарининг юксак эътиборига ўз миннатдорчилигини билдирди. Юрт ҳимояси учун бел боғлаган ҳарбий хизматчиларни, ёшларни, Жамоатчилик кенгаши аъзоларини, барча-барчани дуо қилиб, уларнинг иши ва оиласига қут-барака тилаб қолди.

Асрор РЎЗИБОЕВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва

оммавий коммуникациялар департаменти ходими.