Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига асосан Жиззах вилоятидаги уруш фахрийларига Хотира ва қадрлаш куни арафасида 20 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти ҳамда байрам совғалари тантанали равишда топширилди.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фаррух Зиябоев ҳамда бир гуруҳ вилоят фаоллари Шароф Рашидов туманидаги Қўшкўприк маҳалласида яшовчи, 102 баҳорни қарши олган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мамашариф Содиқов хонадонида бўлди.
Вилоят раҳбари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисини Ғалабанинг 79 йиллиги билан самимий муборакбод этди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш фахрийсига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ҳамда 20 миллион сўм бир марталик пул мукофоти ва байрам совғасини топширди.
Тадбир ўзига хос “Уч авлод учрашуви”га айланиб кетди. Бу ерга жам бўлган фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар уруш фахрийсини ўзларининг дил сўзлари билан самимий қутлади.
Мамашариф бобо қўлига қурол олиб урушга отланганида эндигина 19 баҳорни қаршилаган эди. Отахон Сталинградни мардонавор ҳимоя қилганлардан бири. У 2-Украина фронтида Киев, Одесса, Днепропетровск, Львов, Полтава, Кишинёв шаҳарларини озод қилишда қатнашган. Австрия пойтахти Вена шаҳрини озод этишда яраланган. Оғир жангларда бир неча бор ярадор бўлишига қарамай Германия пойтахти Берлингача борган ўзбек ўғлонларидан бири. Отахон суронли уруш даврларини ёдга олар экан, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш лозимлигини, ҳеч қачон уруш бўлмаслигини, юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшашини тилаб, дуо қилди.
Зомин туманидаги Етти кечув қишлоғида яшовчи, 100 ёшдан ошган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Равшан Холбеков хонадонига вилоят прокурори Исломжон Эргашхўжаев ташриф буюриб, Президент табригини ва 20 миллион сўм бир марталик пул мукофотини топширди.
Равшан Холбеков 1943 йилда ҳарбий хизматга чақирилганда 18 ёшли йигитча эди. Украинанинг Харков шаҳрида қисқа муддатли жанговар тайёргарликдан сўнг Беларусь фронтида жанг қилаётган қўшинлар таркибида жангга киришди. У Беларусь тупроғидан бошлаб ярим Европани босиб ўтди. Холбек ота фашизм устидан қозонилган ғалабани Югославияда кутиб олди. Нуроний отахон бугунги кунларга етказганига шукурлар айтиб, юртимизни, халқимизни доим дуо қилади.
[gallery-17345]
– Мен бахтли инсонман, – дейди Холбек ота. – Уруш жаҳаннамидан тирик чиқиб, фарзандлар ўстириб уларнинг камолини, давлатимизнинг мустақиллигини, юртимиз ободлигини, элимизнинг фаровонлигини кўриб, дориломон кунларда яшамоқдаман. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда катта ўзгаришларни амалга ошириб, халқимиз ҳаётини яхшилаётган Президентимиздан миннатдорман.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари