French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мардлик ва чемпионлик руҳи уйғунлашган учрашув
12:26 / 2026-01-08

Янгиер шаҳрида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ёшлар учун маънавий-маърифий ва спорт руҳидаги учрашув ташкил этилди. Тадбир Янгиер шаҳар ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ташаббуси билан шаҳар Спорт мактаби, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг шаҳар бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.

“Мардлик ва чемпионлик руҳи уйғунлашган учрашув” номи остида ташкил этилган тадбирда ўқувчи ва талаба ёшлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда таниқли спортчилар иштирок этишди.

Учрашувда футбол бўйича Ўзбекистон U-17  ўсмирлар терма жамоаси аъзоси ва Осиё чемпиони Азизбек Абдумўминов, Ўзбекистон U-15 ўсмирлар терма жамоаси аъзоси ва Осиё чемпиони Дониёр Абдумўминов, шунингдек, таэквондо ва бодибилдинг спорт турлари бўйича бир неча маротаба Ўзбекистон чемпиони Мусобек Жумабоев ҳамда унинг икки нафар чемпион шогирди иштирок этишди.

Спортчилар ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, ўз фаолияти, эришган ютуқлари ва муваффақият сари босиб ўтилган йўл ҳақида сўзлаб беришди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар ва шу билан бирга, спортда ҳаракат ва интилиш орқали қандай натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақидаги таниқли спортчиларнинг ўгитларини тинглашди.

– Бундай учрашувлар ёшлар учун катта аҳамиятга эга. Улар нафақат спортдаги ютуқларимизни кўриш имконига эга бўлишади, балки меҳнатсеварлик, интилиш ва жисмоний тайёргарлик қанчалик муҳимлигини ҳам билиб оладилар. Мен ёшлар билан мулоқот қилиш орқали уларни спортга қизиқтириш ва ватанга садоқат руҳини уйғотишга ҳаракат қилдим. Бундай маънавий-маърифий учрашувлар ҳар бир ёшнинг келажаги учун улкан рағбат ва тажриба манбаи бўлади, – дейди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон У-15 ўсмирлар терма жамоаси аъзоси ва Осиё чемпиони Дониёр Абдумўминов.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири