Мардларча ҳалок бўлган ходимнинг оиласига янги уй қуриб берилди
Янги уй тўйида марҳум Шерали Айтугановнинг икки фарзандига 12 турдаги ўқув қуроллари ва қимматбаҳо совғалар ҳам топширилди.
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлимида хизмат қилиб, мардларча ҳалок бўлган катта лейтенант Шерали Айтугановнинг оила аъзолари учун барча шароитларга эга янги уй қуриб берилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ш.Сотволдиев бошчилигида ички ишлар идораси ходимлари тўрт ой муқаддам марҳум катта лейтенант Ш.Айтуганов оила аьзоларининг ҳолидан хабар олиб, яшаш шароитини ўрганганида хонадонда етарли шароит йўқлиги маълум бўлди. Яшаш уйининг яроқсиз ҳолга келиб қолгани аниқланди.
Шундан сўнг вилоят ИИБ раҳбари хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган мард ходимнинг уйини ҳомийлик асосида қайта қуриб бериш таклифини илгари сурди. Бу ташаббус тизимда хизмат қилаётган ходимлар томонидан қўллаб-қувватланиб, қисқа вақтда етарли маблағ жамғарилди. Яроқсиз ҳолга келган турар-жой биноси бузилиб, ушбу маблағ эвазига янги уй қурилиши бошлаб юборилди. Қурилиш ишларида қўли гул қурувчиларга ички ишлар идораларининг кўнгилли, қўлида ҳунари бор ходимлари ҳам яқиндан кўмаклашди. Натижада тўрт ойда замонавий, шинам уй қуриб, битказилди.
Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги кенг нишонланган бир пайтда хоналари юксак дид билан жиҳозланган янги уй тўйида маҳалла аҳли, қўни-қўшнилари ҳамда марҳум Шерали Айтугановнинг сафдошлари, дўстлари иштирок этди.
– Бундай эзгу, савоб иш марҳум ҳамкасбимизнинг оила аъзолари ва яқинлари қалбига бир олам қувонч бағишлади, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Янги уйда Қуръон тиловат қилинди. Сафдошлари, дўстлари Ш.Айтугановнинг яхши фазилатларини, болалик йилларини ёдга олиб, руҳини шод этди.
Мард, жасур профилактика инспектори Ш.Айтуганов 1981 йил Жарқўрғон туманида туғилган. 2003-2008 йилларда Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги техника олий мактабида таълим олиб, 2008-2010 йилларда туман ички ишлар бўлимида хизмат қилган. 2010 йил октябрь ойида давлат ва халқ мулкини қўриқлаш чоғида мардларча ҳалок бўлган.
Янги уй тўйида марҳум Шерали Айтугановнинг икки фарзандига 12 турдаги ўқув қуроллари ва қимматбаҳо совғалар ҳам топширилди.