English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мардлар халоскори ёхуд жанггоҳларда жасорат кўрсатган ўзбек ҳамшираси
12:36 / 2022-05-07

Уруш қурбонларсиз, ярадорларсиз бўлмайди. Бу эса жанггоҳларда ҳарбийлар билан бирга тиббиёт ходимларининг ҳам фидойилиги ва мардонавор курашини тақозо этади.

Иккинчи жаҳон урушида юртимизнинг жасур ўғлонлари баробарида кўплаб шифокор ва ҳамширалар ҳам қаҳрамонларча иштирок этган. Кунларнинг иссиғию совуғига, туну кунга қарамай, уруш майдонларидаги хавф-хатарларга писанд қилмай, ўлим билан рўбарў келган ҳарбий шифокор ва ҳамширалар ярадор аскарларнинг жонига оро кирган. 

Ана шундай фидойи ҳамширалардан бири тошкентлик Рихси Мўминова 1941 йил ноябрь ойида урушга сафарбар этилган. Жанг майдонларидаги фаолияти давомида юзлаб ҳарбийларга тиббий ёрдам кўрсатган, 80дан ортиқ яраланган аскар ва офицерларни аёл боши билан елкасида опичлаб, уруш ўчоқларидан олиб чиққан. Матонатли ўзбек аёли тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга донорлик ҳам қилиб, 30дан ортиқ аскарга қон берган. 

— Ўзбек қизи Рихси Мўминова Иккинчи жаҳон уруши йилларида фидойилик кўрсатган ҳамширалардан бири эди, — дейди “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидаги “Шон-шараф” Давлат музейи ходими Зебо Холбоева. — 1921 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган Рихси Мўминова 1941 йилда Охунбобоев номидаги тиббиёт билим юртида таҳсил олган.  Турмуш ўртоғи урушга сафарбар этилганда 6 ойлик чақалоғи билан қолган. Аммо бу аёлнинг масъулияти, қасамёди уни урушга отланишга ундайди. У жанг майдонлари сари шайланиб, 3 ойлик ҳамширалик курсларини ўқиб тугатади. 1941 йил ноябрь ойида армия сафига сафарбар этилади. Дастлаб Беларусь фронтида ҳамширалик фаолиятини бошлайди ва 1942 йил август ойида Сталинград жангларига жалб этилади. Тарихдан маълумки, Сталинград остонасидаги жанглар уруш тарихидаги энг фожиали, қонли жанг бўлган. Ҳар икки томондан ҳам катта йўқотишлар, талофатлар юз берган. Ана шундай оғир дамларда Рихси Мўминова сидқилдан хизмат қилган. Вазият жиддий тус олгандан кейин қўмондонлик уни ҳаракатдаги взводнинг олд қисмига жўнатишга мажбур бўлади. Шу тариқа унинг кейинги фаолияти бевосита жанг майдонларида давом этади. Энг ҳайратланарлиси, бу ўзбек аёли жанг майдонларида 80дан ортиқ яраланган ҳрбийларни ўз елкасида кўтариб, уруш ўчоқларидан олиб чиққан. Оғир жангларда ўзи ҳам яраланиб, госпиталга ётиб даволанишга мажбур бўлади ва бу 3 ойга чўзилади. Кейинчалик Рихси Мўминованинг ҳамширалик фаолияти Польша, Украина, Житомир ҳудудларини озод қилишга қаратилган жангларда давом этади. 

Бир гал танк капитани ва яна бир аскар ярадор бўлади. Рихси Мўминова уларни елкасида кўтариб жанг майдонидан олиб чиқиб, ёрдам кўрсатади. Улар ҳам ўзбек йигитлари бўлиб чиқади. Ўша куни танк ичидан ҳарбийларни олиб чиқаётган пайтда портлаш оқибатида ўзи ҳам оғир яраланади. Қорин бўшлиғига снаряд қолдиқлари кириб, оқибатда кўпгина ички аъзолари зарарланади. Шундан сўнг жасур ҳамшира мамлакат ичкарисига даволанишга юборилади ва 1946 йилгача даволанади, — дейди музей ходими. 

Дарҳақиқат, Рихси Мўминованинг жасорати, матонати, қўрқмас ва довюраклигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Унинг мардлиги ҳамда ватанпарварлиги юксак эътирофга муносиб. Қирғинбарот жангларда кўплаб ҳарбийларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашиб, яраларига малҳам бўлган бу жасорат соҳибаси мардонавор хизматлари учун кўплаб мукофот ва медалларга сазовор бўлган. 

— Рихси Мўминова жанг майдонларидаги тиббий хизматлари учун ҳамширалик соҳаси асосчиларидан бири Флоренс Найтингейл номидаги халқаро медаль билан тақдирланган, — дейди Зебо Холбоева. — Ушбу медаль урушлар ёки жанговар ҳаракатлар вақтида, шунингдек, табиий офатлар пайтида одамларга тиббий хизмат кўрсатган ҳамшираларга тақдим этиладиган халқаро мукофот ҳисобланади. Иккинчи жаҳон уруши даврида 40 дан ортиқ ҳамширалар ушбу медаль билан тақдирланган. Таъкидлаш жоизки, ушбу медалга Ўзбекистондан 4 нафар хотин-қиз сазовор бўлган бўлса, биргина Рихси Мўминова жанговар ҳаракатлар вақтидаги хизматлари учун муносиб кўрилган. Урушдан кейин Рихси Мўминова Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тез ёрдам бўлимида кўп йиллар халққа хизмат қилган. 2000 йилда 79 ёшда вафот этган. “Шон-шараф” Давлат музейи

экспозицияларида Рихси Мўминова хотирасига бағишланган алоҳида витрина ташкил этилган. Бу ерда уларнинг орден ва медаллари, фотосуратлари ўрин олган. Ушбу ашёлар Рихси Мўминованинг оила аъзолари томонидан музейимизга тақдим этилган. 

Дарҳақиқат, Рихси Мўминова ўз касбига садоқатли, қасамёдига содиқ, жасоратли аёллардан эди. Ўзи ўлим хавфи остида қолса-да, юрт озодлиги йўлида жанг қилаётган аскарларни қутқаришга, жонларини омон сақлашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилган, матонат билан хизмат қилган. Бу ўзбек аёлининг Флоренс Найтингейл номидаги халқаро медалга муносиб кўрилгани унинг хизматларига берилган юксак баҳо, эътирофдир.  

Бу каби фидойи ватандошларимизнинг ҳаётини, қизғин фаолиятини батафсил ўрганиш, қолаверса, уларнинг жасоратини, қаҳрамонлигини бугунги авлод вакилларига намуна қилиб кўрсатиш муҳим вазифадир. Иккинчи жаҳон урушида фидокорона хизматлари, мардлиги билан ғалабага, озодликка ҳисса қўшган ҳар бир юртдошимизнинг хотираси мудом қалбимизда абадий қолажак.  

Муҳтарама Комилова,  ЎзА