Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мардлар майдонда синалди
19:01 / 2023-11-29

Жиззах вилоятининг “Равот” аҳоли яшаш пунктида жойлашган майдонда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари мезбонлигида ташкил этилган “От пойгаси” миллий этноспорт турнирида ҳам мамлакатимиздаги куч тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг моҳир чавандозлари ўзаро беллашди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ва Ўзбекистон Республикаси МВ, ИИВ, ДХХ, МГ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг 2023 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида 2023-2025 йиллар давомида этноспорт турлари бўйича турнирларни ўтказиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбирда йиғилганлар, бугун мамлакатимизда от спортини ривожлантиришга қаратилаётган диққат-эътибор, чавандозларнинг маҳоратини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда ёшларни ушбу спорт турига қизиқтириш мақсадида олиб борилаётган тизимли ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларининг чавандозлари 800, 1000 ва 1200 метр масофага от чопиш бўйича ўзаро беллашдилар. 

Барчанинг диққат-эътиборини тортиб, ҳар бир вазирлик ва идора вакиллари 
ўз иштирокчиларига мухлислик қилган мазкур пойга давомида, қатнашувчилар бор куч-маҳоратлари, чопқирликлари, хизмат отлари билан бир-бирларини тушунган ҳолда ҳаракатлана олиш қобилиятларини амалда намоён этдилар.

Чавандозларнинг пойгадаги иштироки Ўзбекистон Республикаси От спорти 
ва йилқичилик федерацияси вакиллари томонидан одилона баҳолаб борилди. 

Таъкидлаш керакки, ўсиб келаётган ёш авлодни от спортига қизиқтириш мақсадида, тадбирга Шароф Рашидов туманидаги 9,39,46,47,53 ва 57-умумтаълим мактаблари ҳамда Зомин туманидаги “Темурийлар издоши” нодавлат таълим муассасаси ўқувчи ёшлари ҳам таклиф этилиб, улар учун сарҳадларимиз посбонлари томонидан хизмат отлари иштирокида конкурс, джигитовка, вольтижировка ҳамда бошқа бир қатор акробатик машқлар, шунингдек хизмат итлари иштирокида давлат чегараси бузғунчиси ҳамда 
ёт жисмларни аниқлаш сингари кўргазмали чиқишлар ҳам намойиш этилди. 

Қизғин ва муросасиз кечган турнир якунига кўра, 800 метр масофада ўтказилган пойгада биринчи ўринни Чегара қўшинлари вакили III-даражали сержант А.Суяров “Кагор” лақабли хизмат оти билан, иккинчи ўринни Миллий Гвардия ҳарбий хизматчиси кичик сержант О.Алимов “Булут” лақабли  хизмат оти билан, учинчи ўринни 
эса Мудофаа вазирлиги чавандози кичик сержант Ш.Ботиров “Антиквар” лақабли хизмат оти билан эгаллашга муваффақ бўлди. 

Пойганинг навбатдаги, 1000 метрли масофасида ҳам пешқадамлик билан рақибларини ортда қолдирган чегарачи чавандоз III-даражали сержант Ф.Аскаров “Кумар” лақабли хизмат оти билан биринчи, Ички ишлар вазирлиги ҳарбий хизматчиси кичик сержант Д.Уразов “Реастат” лақабли хизмат оти билан иккинчи ва Миллий гвардия жамоаси вакили III-даражали сержант А.Алаяров “Тасалихон” лақабли хизмат оти билан учинчи ўринни эгаллади.

Сўнгги, 1200 метрли масофада “Антиквар” лақабли хизмат оти билан Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси кичик сержант Ш.Ботиров биринчи, “Прогнозхон” лақабли хизмат оти билан Чегара қўшинлари чавандози сержант Х.Чориев иккинчи ва “Шелист” лақабли хизмат оти билан Ички ишлар вазирлигидан сафдор Ж.Абдуаҳатов учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан махсус кубок, диплом ва медаллар билан тақдирланди.

-От чопиш ота-боболаримиздан мерос бўлган қадрият саналади. Қолаверса, биз чегарачилар хизмат отларимиздан сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида ҳам оғиримизни енгил қилувчи доимий ҳамроҳ сифатида фойдаланиб келмоқдамиз. Бугунги пойгада мен “Кагор” лақабли хизмат отим билан бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишим натижасида, 800 метрли масофани илдамлик билан босиб ўтиб, маррага биринчи бўлиб етиб келдик. Бундан албатта, хурсандман. Чунки рақибларимиз ҳам, уларнинг хизмат отлари ҳам анчайин яхши тайёргарликка эга эди, - дейди турнир ғолибларидан бири III даражали сержант Аҳрорбек Суяров.

Албатта, ўтказилаётган бу каби мусобақалар мамлакатимизда миллий этноспорт турларини янада оммалашувига хизмат қилиши билан бир қаторда, куч тузилмаларининг ҳам ўзаро ҳамкорликларини янада мустаҳкамлаши, шубҳасиз. 

Майор Фарида Бобожонова

ДХХ Чегара қўшинлари