Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мард, жасур божхоначи хотирланди
11:32 / 2024-09-19

“Хотира азиз- жасорат мангу”

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши Шеробод туманининг Пошхурт қишлоғидаги 33-мактабда марҳум божхона ходими Ботир Давлатов хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди. 

Унда божхона ходимлари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раҳбарияти, Ботир Давлатовнинг оила аъзолари, мактаб жамоаси, маҳалла фаоллари ва ўқувчилар иштирок этди. 

Ҳаёт бўлганида бу йил 54 ёшини нишонлайдиган Ватанга содиқ божхоначи ўқитувчи Маматқул Давлатов оиласидаги ўн фарзанднинг олтинчиси эди. Болаликдан ўткир зеҳни, атрофидагиларга меҳрибонлиги ва зийраклиги билан бошқа тенгдошларидан ажралиб турар эди. 

Ботир 1988-1990 йилларда Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, ўзи туғилиб ўсган Ватаннинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлади. Божхона ходими, деган шарафли касбни танлади. 31 йил муқаддам божхона тизимидаги хизмат фаолиятини Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудда ўша даврдаги “Оқтош” божхона постида кичик инспектор лавозимида бошлади. Бир йил ўтгач, Ботир ва унинг қишлоқдоши Гулбаҳор турмуш қурди. Оилада қиз фарзанд дунёга келди. 

Ботир хизматдан бўш вақтларида ота-онаси ва яқинларидан тез-тез хабар олишни канда қилмади. Ука-сингилларига қимматли маслаҳатлар бериб, уларни қўллаб-қувватлади. Ҳар тарафлама далда бўлди. 

Тақдирнинг битигини қарангки, у ўз севган касбида узоқ ишламади. Суюкли оила даврасида азиз меҳмон эканини ота-онаси ҳам, ака-укаю, опа-сингиллари, турмуш ўртоғи ҳам илғамади. Серғайрат, меҳри дарё ўғлондан уларнинг умидлари катта, Ботирнинг ҳам орзулари бир олам эди. 

Ботир Давлатов соҳада ишлаган қисқа йилларда вилоятнинг қатор божхона масканларида хизмат бурчини шараф билан адо этди. Афсуски, божхоначи касбини улуғлаётганига беш йил бўлганида илк хизмат вазифасини бошлаган “Оқтош” божхона масканига жиноятчилар уюштирган ҳужумда ҳалок бўлди. 

Вафотидан сўнг марҳум божхона ходими Президентимизнинг 1998 йил 27 августдаги фармонига асосан ҳарбий бурчини бажариш чоғида жасурлик ва матонат кўрсатгани учун “Жасорат” медали билан мукофотланди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил” эсдалик нишони ҳамда “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 25 йил” кўкрак нишони билан тақдирланди. 

Мард, жасур ўғлон ўзидан ўчмас из қолдириб кетди. Унинг хотираси абадийлаштирилди. Шеробод туманидаги кўчаларнинг бирига Ботир Давлатов номи берилди. Ўзи таълим-тарбия олган мактабга бюсти ўрнатилди. 

Айни пайтда Ботир Давлатовнинг қизи – Сабогул ота касбини эгаллаб, вилоят божхона бошқармасида хизмат қилмоқда. 

Тадбирда Ботир Давлатовнинг ўчмас хотираси ёд этилиб, унинг барчага ибрат бўладиган юксак фазилатлари эсланди. Устоз ва синфдошлари ўқувчилик йилларини, аъло баҳоларга ўқиб, намунали хулқи билан барчага ўрнак бўлганию, айниқса, мусиқа фанига қизиқишларини ёд этди. Боғдорчилик ва чорвачиликка, анвойи гуллар парваришига меҳр қўйгани ҳавас билан хотирланди. Маҳалла аҳли ажойиб хислатларга бой, қалби жасорат ва садоқатга тўла фарзанд билан ҳамқишлоқ бўлганларидан фахрланишини қайд этди. 

Мактаб ўқувчиларининг ватанпарварлик руҳидаги саҳна кўринишлари намойиш этилди. Она Ватан, матонат ва садоқат мадҳ этилган шеърлар ўқилди. Ўқувчилар ўртасида Ботир Давлатов хотирасига бағишланган шахмат мусобақаси ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Тадбир доирасида божхона ходимлари Ботир Давлатов хонадонида бўлиб, оила аъзолари ҳолидан хабар олди. Иштирокчилар мард, жасур божхоначи Ботир Давлатов хотирасига бағишлаб мактаб ҳовлисига ўрнатилган бюстга гулчамбарлар қўйди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири