Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида талаба-ёшлар ўртасида “Мард йигитлар – Ватан таянчи” номли спорт мусобақалари ташкил этилди.
Мазкур спорт тадбири ёшларни жисмонан чиниқтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, шунингдек, улар онгида ватанпарварлик, жасорат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар барча қатнашчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этишди. Бу каби спорт мусобақалари ёшларни жисмонан бақувват, маънан етук этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашиб, жамоаларга омад ва зафарлар тилашди.
Беллашувлар давомида талаба-ёшлар тош кўтариш, арқон тортиш ҳамда турникка тортилиш каби спорт турлари бўйича ўзаро куч синашдилар. Қизғин, муросасиз ва юқори спорт руҳида ўтган мусобақалар талаба-ёшларга кўтаринки кайфият ва унутилмас лаҳзалар улашди.

Якуний натижаларга кўра, ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар қимматбаҳо совғалар ҳамда дипломлар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири