Ватан ҳимоячилари куни нафақат бугун мамлакатимиз осмони мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган ҳарбий хизматчилар ва фахрийларни шарафлаш байрами, шу билан бирга ушбу муқаддас вазифани адо этиш йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёдга олиш, жасоратини эътироф этиш фурсати ҳамдир.
Шу боис ҳар йили сана олдидан марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари йўқланади, улар ҳолидан хабар олиниб, хотиралар жонланади. 2000 йилда юртимиз жанубий сарҳадларига суқилиб кирган бир гуруҳ террорчиларга қарши жанговор ҳаракатлар чоғида лейтенант Сайёр Садинов жасорат кўрсатиб, жон фидо қилган эди. 22 йилдирки Ватан ҳимоячилари куни ва бошқа муҳим саналарда у яшаган Самарқанд шаҳридаги хонадонга сафдошлари, ҳарбийлар келади. Жасоратли ҳарбийнинг онаси Розия Садиновани йўқлаб, дўстларини ёдга олишади.
Бу йил ҳам байрам арафасида Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Самарқанд гарнизони, вилоят мудофаа ишлар бошқармаси вакиллари ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъуллари марҳум лейтенант Сайёр Садиновнинг хонадонида бўлди. Розия Садиновага Президент фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил” эсдалик нишони, Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул маблағлари ҳамда округ қўмондонлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
– Фарзанд доғи жуда ёмон, лекин боламнинг Ватан тинчлиги учун жон фидо қилганидан ва шундай фарзанднинг онаси эканлигимдан фахрланаман, – дейди Розия Садинова. – Орадан кўп йиллар ўтган бўлсада, унинг хотираси барчанинг ёдида эканлигидан ва давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилади. Менинг дилимда ҳам, тилимда ҳам бирдан-бир тилак бор – юртимиз тинчлиги бардавом бўлиб, оналар фарзанд доғини кўрмасин. Марҳум лейтенант Сайёр Садиновнинг қаҳрамонлиги, кўрсатган жасоратлари муносиб эътироф этилган. Миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун II даражали “Шон-шараф” ордени ҳамда “Жасорат” медали билан мукофотланган. Она Ватан ҳимоясини жониданда азиз билган қаҳрамонлар ёди абадий.
[gallery-5416]
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА